Навоий шаҳрида “Масофавий хизмат кўрсатиш” маркази ўз фаолиятини бошлади.
“Haul World Transportation Navoiy” МЧЖ IT-паркнинг резиденти ҳисобланиб, АҚШга масофадан туриб аутсорсинг хизматини кўрсатади. Ҳозирда марказда 6 нафар ишчи ўрни яратилган бўлиб, келгусида ишчи ўринлар сонини 20 тага етказиш режалаштирилган. Шунингдек, 30 нафардан ортиқ ёшларни касбга ўргатиш ва қисқа вақт ичида иш билан таъминлаш кўзда тутилмоқда.
Ушбу компания томонидан кўрсатилган хизматлар улуши Навоий вилояти экспорт кўрсаткичлари ошишига ҳам хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.


***
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 31 октябрдаги “Навоий давлат университетини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Навоий давлат университети ҳамда вилоят Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси ўртасида ҳамкорлик шартномаси имзоланди.
Унга кўра, бошқармада Навоий давлат университетининг “Экология ва атроф-муҳит муҳофазаси” кафедраси филиали ташкил этилди.

Шунингдек, Навоий давлат университети ҳузуридаги академик лицейида университетнинг “Биология” кафедраси филиали очилди.
Кафедра филиаллари фаолияти юзасидан “Йўл харитаси” ишлаб чиқилиб, унда ҳамкор ташкилотлар ўртасида ёшларнинг таълим ва тарбиясига алоҳида эътибор қаратилган ҳолда ўқув, илмий-тадқиқот йўналишларини ривожлантириш белгиланган.
***
Навоий шаҳри Бунёдкор маҳалласида яшовчи аҳолининг электр энергияси истеъмолига бўлган талабини тўлақонли қондириш мақсадида қуввати 400 кВА бўлган 798-сонли трансформатор пунктидан чиқувчи ҳаво тармоғи янгиланмоқда.

Ҳудудда 30 дона янги темир-бетон таянчи ўрнатилиб, 1,2 км қисмида модернизация қилиш ишлари олиб борилди.
Ушбу тадбирлар натижасида истеъмолчиларга етказиб берилаётган электр энергиясининг тармоқларда йўқолишларининг олди олиниб, электр энергияси янада яхшиланишига эришилади.

***
Кармана тумани Халқ қабулхонасида туман ҳокими Валижон Адизов раҳбарлигида ҳоким ўринбосарлари, тегишли корхона ва ташкилотлар раҳбарлари ҳамда фуқаролар иштирокида сайёр қабул ўтказилди.
Унда фуқаролар бандлик, моддий ёрдам олиш, тиббий соҳада амалий кўмак бериш ва бошқа бир қатор масалаларда мурожаат қилди.

Қабул давомида фуқароларнинг 15 га яқин мурожаати тингланиб, уларнинг 5 таси жойида ижобий ҳал этилди. 4 таси масъулларга бириктирилди, қолган мурожаатлар бўйича ҳуқуқий тушунчалар берилди.
Шунингдек, туман ИИБ ЖХХ Пробация гуруҳи назоратида турувчи ёшларнинг ижтимоий муаммолари ўрганилди.


Абдували Бўриев, ЎзА мухбири