Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Навоий вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
16:25 / 2024-12-13

Навоий вилоятида олий таълим муассасалари талабалари (қизлар) ўртасида гандбол (қўл тўпи) бўйича “Универсиада – 2024” спорт мусобақаларининг финал беллашувлари бошланди.

4 кун давом этадиган ушбу йирик спорт тадбирида республикамизнинг барча ҳудудларидан ташриф буюрган 182 нафар спортчи қиз ғолиблик учун майдонга тушади. 

Навоий шаҳридаги “Кимёгар” ўйингоҳида мазкур мусобақанинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. 

Унда вилоят ҳокими ўринбосари Ж.Ходжаев, Навоий давлат университети ректори М.Калонов, вазирликнинг ҳудудий бошқарма бошлиғи Ф.Тўхтаев ва бошқалар иштирокчиларга омад тилаб, жамоалар мураббийларига эсдалик совғаларини топширди. 

*** 

Кармана тумани ҳокими Валижон Адизов Хитойнинг “Zarafshon Industrial technology” МЧЖ, “Navoiy Color tech” МЧЖ хорижий компания раҳбарлари билан учрашди. 

Учрашувда дастлаб “Navoiy Color tech” МЧЖ хорижий корхонаси томонидан фталоцианин ишлаб чиқаришни ташкил этишга мўлжалланган қиймати 25 миллион АҚШ долларлик лойиҳанинг қурилишига старт берилди. 

“Zarafshon Industrial technology” хорижий корхонаси томонидан ташкил этилаётган кимё технопаркидаги лойиҳалар қиймати 1 миллиард доллардан ортиқ бўлиб, бу ерда хитойлик ҳамкорлар билан кимё маҳсулотлари, энергетик қувватлар йўналишида 18 та лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган. 

Мазкур лойиҳалар ишга тушгач, 2 мингдан зиёд янги иш ўрни яратилади. 

*** 

Томди тумани Экология бўлими давлат инспекторлари томонидан олиб борилган тезкор назорат рейд тадбири давомида фуқаролар А.С., С.А., Ф.К., Ф.Ф., У.Й. ва Ж.О.лар томонидан ўз бошқарувидаги юк машиналари ёрдамида ноқонуний равишда туманнинг “Томдибулоқ” ОФЙ ҳудудидан табиатда кенг тарқалган фойдали қазилмалар – қум-шағалларни ҳеч қандай рухсатсиз ноқонуний юклаб олиб кетаётганлиги аниқланди. 

Ушбу ҳолат бўйича ҳуқуқбузарларга нисбатан Ўзбекистон Республикасининг МЖтК 70-моддаси 1-қисми билан маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб, 45 миллион сўм жарима ҳамда 83,7 миллион сўм миқдорда табиатга етказилган зарар ҳисобланди. Ҳайдовчиларга тегишли юк автомашиналари эса вақтинчалик жарима майдончасига жойлаштирилди. 

А.Бўриев, ЎзА мухбири