Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Навоий вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
15:04 / 2024-10-25

Навоий давлат педагогика институти Математика-информатика факультети жамоаси томонидан “Маърифат улашиб” лойиҳаси доирасида Навбаҳор тумани Сарбозор маҳалласи аҳолисига 250 дан ортиқ бадиий адабиёт ва шеърий тўпламлар улашилди.

– Маърифат улашиш ва билим тарқатиш – жамият тараққиёти ва ривожланиши учун муҳимдир, – дейди факультетнинг ёшлар билан ишлаш бўйича декан ўринбосари Ғ.Юсупов. – Бу жараён илм-фан, таълим, маданият ва технологиялар орқали турли тоифадаги одамларга билим беришни ўз ичига олади. Миллий ва умуминсоний қадриятларни ёшларга ўргатиш эса барчамизнинг асосий вазифаларимиздан биридир.  

Дарҳақиқат, совға сифатида китоб бериш одамлар орасида маърифат тарқатишнинг оддий ва самарали усулидир.  

***   

Зарафшон шаҳар оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Л.Турсунова ва Ўзбекистон Савдо саноат палатаси вакили А.Ҳусанов бошчилигида шаҳар саноат ҳудудида жойлашган “Arel konfeksiyon” МЧЖга саёҳат ташкил этилди.  

Хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида ташкил этилган тадбирда иштирокчилар корхонада ишчилар учун яратилган шарт-шароитлар билан танишди.  

Мазкур корхона 2019 йилда ташкил этилган бўлиб, ҳозирда 270 киши меҳнат қилмоқда. Корхонадаги тўқимачилик ускуналари Туркиядан олиб келинган ва йилига 720 тонна калава ип ишлаб чиқарилади. Ишлаб чиқарилган маҳсулотлар юртимиздаги қайта ишловчи корхоналардан ташқари Россия, Туркия, Тожикистон, Туркманистон давлатларига экспорт қилинмоқда.  

Саёҳат сўнггида корхонага келган 35 нафар хотин-қизларнинг 15 нафари шу ерда ишлаш истагини билдирди.  

***   

Беларусь Республикасининг Витeбск вилояти ижроия қўмитасининг соғлиқни сақлаш бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Андрей Какойченко бошчилигидаги делегация Хатирчи туманига ташриф буюрди.  

Дастлаб “Ўлкашунослик музейи”, “Хотира хиёбони”да бўлган делегация аъзолари туман тиббиёт бирлашмасида беморларга яратилган шароитлар билан яқиндан танишди.  

Тиббиёт бирлашмасида Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази Навоий вилоят филиал шифокорлари ҳамкорлигида чаноқ-сон бўғимини эндопротезлаш, қорин бўшлиғи гигант чурраси ҳамда кўкрак қафаси эхинококкози амалиётлари ўтказилди.   

***   

“Қизилтепатумангаз” газ таъминоти бўлими ходимлари томонидан аҳолининг табиий газ босими билан боғлиқ мурожаатлари тезкор ўрганилиб, ижобий ҳал этилмоқда.  

Жумладан, Гумбаз маҳалласида яшовчи Ҳабиб Наимовнинг хонадонида газ босими пасайгани билан боғлиқ мурожаати ўрганилди. Натижада ҳисоблагичга ўрнатилган регулятор орқали газ босими меъёрга келтирилди. Шунингдек, Тавоис маҳалласида истиқомат қилувчи Хайрулло Азимов ва Улуғ бобо Юсуповларнинг ҳам мурожаати ўрганилиб, ижобий ҳал этилган бўлса, Гулзор маҳалласи яшовчи Мастура Бобоёрова хонадонидаги газ печига замонавий энергия тежамкор газ ёндиргичлари ўрнатиб берилди. Ҳусен Ҳожиев хонадонидаги газ ускунасидан газ сизиб чиқиш ҳолати аниқланиб, жойида бартараф этилди.  

Газ таъминоти бўлими ходимлари истеъмолчиларга табиий газ ва газ жиҳозларидан тўғри ҳамда хавфсиз фойдаланиш қоидалари тўғрисида ҳам тушунтириш ишларини олиб бормоқда.   

***  

“Навоийазот” АЖ ташкил этилганлигининг 60 йиллиги муносабати билан корхона ходимлари ўртасида спортнинг волейбол тури бўйича “Бошқарув раиси кубоги” мусобақалари ўтказилди.  

Хотин-қизлардан иборат жамоалар иштирокида ўтказилган баҳсларда 1-ўринни Органик синтез ва нитрон толаси ишлаб чиқариш цехи жамоаси эгаллади.  

Ғолиб ва совриндорлар АЖ касаба уюшма қўмитаси томонидан муносиб тақдирланди.   

А.Бўриев, ЎзА мухбири