French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Навоий вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
12:35 / 2024-10-15

Навоий давлат педагогика институтида ёшларни китоб мутолаасига жалб этиш, бадиий саводхонлик даражасини ошириш орқали уларни ватанпарварлик ва юртимиз келажагига дахлдорлик руҳида тарбиялашга қаратилган “Маърифат улашиб” лойиҳаси доирасида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари Нормурод Норқобилов ва Ўроз Ҳайдар иштирокида “Адиблар ва ёшлар учрашуви” ташкил этилди.

Тадбирда институт профессор-ўқитувчилари, талабалар иштирок этди.  

Учрашув давомида  ижодкорлар институт тузилмасидаги “Қатағон қурбонлари хотираси” музейида бўлиб, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида олийгоҳ ҳудудида дарахт экишди.  

Шунингдек, ижодкорлар Навоий шаҳридаги 7- ҳамда Навбаҳор туманидаги 17-сонли мактабларда ўқувчилар билан учрашди. Мактаб ўқувчилари билан бўлиб ўтган самимий суҳбатда ҳар иккала ижодкорнинг ибратли, шу билан бирга машаққатли ва мазмунли ҳаёт йўли, ижоди ҳақида сўз юритилди.  

***

Конимех тумани Гулистон ва Юксалиш маҳаллаларида истиқомат қилувчи аҳолига тиббий хизмат кўрсатувчи “Телемен” оилавий шифокорлик пунктининг янгидан таъмирланган биноси фойдаланишга топширилди.

Туман тиббиёт бирлашмасига қарашли ушбу оилавий шифокорлик пункти 2705 нафар аҳолига бирламчи тиббий хизмат кўрсатади.  

Мазкур муассасанинг капитал таъмирлаш ишлари “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси доирасида 632 миллион сўм маблағ эвазига амалга оширилди.  

Халқимиз саломатлиги йўлида хизмат қилувчи тиббиёт масканида шифокорларнинг самарали фаолият юритиши, шунингдек, ташриф буюрувчилар учун барча шароитлар яратилган.

***

“НКМК” АЖ Жанубий кон бошқармаси ва “Собирсой” геотехнологик кони ташкил топганлигининг 60 йиллиги муносабати билан спортнинг мини-футбол тури бўйича “Жанубий кон бошқармаси кубоги” турнири ўтказилди.  

2-бирлашган касаба уюшмаси қўмитаси ҳамда ёшлар етакчилари Кенгаши томонидан ташкил этилган турнирда “Навоий кон-металлургия комбинати” АЖ бўлинмалари, “Навоийуран” давлат корхонаси ва “НКМК жамғармаси” давлат муассасаси ҳудудий бошқармаларида ишлайдиган ишчи-ходимлардан ташкил топган 8 та жамоа иштирок этди.  

Якуний натижага кўра, “Қизилқум” кон бошқармаси 1-, Шимолий кон бошқармаси жамоаси 2- ҳамда Марказий кон бошқармаси жамоаси 3-ўринни эгаллади.

Ғолиб ва совриндор жамоалар, шунингдек, энг яхши футболчилар ташкилотчилар томонидан совғалар билан тақдирланди.

***

Аёллар ўртасида оммавий спортни янада ривожлантириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш мақсадида Навоий вилояти ИИБда хизмат олиб бораётган шаҳодатланган ходималар иштирокида волейбол мусобақаси ташкил этилди.  

Якунда бошқарма Жамоат хавфсизлиги хизматининг аёл ходимларидан ташкил топган “Жамоат посбонлари” жамоаси 3-ўринни, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими ходималаридан иборат “Фемида” жамоаси эса 2-ўринни эгаллади. 1-ўрин эса Бошқарма Аппарати ходималарининг “Тўмарис” жамоасига насиб этди.  

Бундан ташқари, Тергов, Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш ҳамда Ҳуқуқий статистика ва тезкор ҳисоб маълумотлар бўлимининг “Ниҳол” жамоаси чиройли ўйин муаллифи сифатида эътироф этилиб, “Ғалабага бўлган интилиши учун” номинациясининг соҳиби бўлди.  

Ғолиб ва совриндор жамоалар бошқарманинг диплом, медаль ва қимматбаҳо совғалари билан мукофотланди.

А.Бўриев, ЎзА мухбири