“Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”нинг давлат дастури ҳамда 2030 йилгача “НКМК” АЖни барқарор ривожлантириш дастурига мувофиқ, жорий йил бошидан корхонада муҳим инвестицион лойиҳалар босқичма-босқич амалга оширилиб келинмоқда.
Ушбу лойиҳалардан бири комбинатнинг ишлаб чиқариш қувватларини сақлаб қолишга қаратилган бўлиб, кончилик ва қайта ишлаш корхоналарида 200 та кон-транспорт, технологик, энергетика ва кон-механика техникаларини алмаштириш ҳамда янгилашдир.

Бугунги кунда мазкур лойиҳа доирасида 12 та тоғ-кон техника ва ускуналари харид қилинди.
Мазкур инвестиция лойиҳасининг амалга оширилиши жисмонан ва маънан эскирган ускуналарни модернизация қилиш ҳамда уларни замонавий техникаларга алмаштириш имконини беради. Бу ўз навбатида иш унумдорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этади.
***
Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети Қишлоқ хўжалиги факультетида фаол талаба-ёшларидан иборат 8 та жамоа ўртасида “Маърифат улашиб” лойиҳаси доирасида “Заковат” интеллектуал ўйини бўлиб ўтди.
Унда жамоалар Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари, ёзувчи Нормурод Норқобилов ҳамда шоирлар Ўроз Ҳайдар ва Мансур Юнусов ижоди билан боғлиқ мантиқий саволларга жавоб излашди.
Якунда энг кўп тўғри жавобларни топган Кимё-металлургия факультети жамоаси ғолибликни қўлга киритди.

***
Навоий вилояти ИИБда ҳам “Кексалар ҳафталиги” муносабати билан шахмат мусобақаси ташкил этилди.
Унда Бошқарма соҳавий хизматлари ва шаҳар-туман ички ишлар бўлимларининг фидойи фахрийлари иштирок этди.

Баҳс ва мунозараларга бой кечган мусобақада 1-ўринни истеъфодаги катта сержант Рустам Бекмуродов, 2- ва 3-ўринларни эса истеъфодаги майор Баҳриддин Ўтанов ҳамда истеъфодаги катта сержант Ғанишер Аҳмедовлар қўлга киритди.
Мусобақа ғолиб ва совриндорлари вилоят ИИБнинг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири