Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Навоий вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
12:22 / 2024-08-23

Конимех тумани “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази биносида вилоят Хотин-қизлар тадбиркорлик марказининг бепул ўқувлари учун Хотин-қизлар касб-ҳунар маркази очилди.

Марказда эндиликда бепул касб-ҳунар эгаллаш истагида бўлган хотин-қизлар 5 та касб турлари бўйича ўқитилади.  

– Туманимизда турли касбларни эгалламоқчи бўлган хотин-қизларимиз кўпчиликни ташкил этади, – дейди марказнинг Конимех тумани бўйича координатори Феруза Бобоёрова. – Шу кунга қадар секторлар бўйича маҳаллаларда ўқитиб келардик. Энди хотин-қизларимиз алоҳида касб-ҳунар эгаллаши учун барча шароити мавжуд бўлган хоналаримиз бор.

Конимех туманида 2024 йилда 216 нафар ўқитилиши режалаштирилган хотин-қиздан 90 нафари “Ёш болалар”, “Тикувчилик”, “Каштачилик”, “Тадбиркорлик асослари” йўналишларида ўқитилди. Уларнинг 27 нафарига имтиёзли кредит ажратилган бўлса, 31 нафари ўзини-ўзи банд қилиб, бугунги кунда фаолият олиб бормоқда. 

***

Томди тумани “Керегетов” ОФЙда оилавий шифокорлик пункти фойдаланишга топширилди.  

3,5 миллиард сўм маблағ сарфланиб, янгидан қурилган бинонинг очилиш маросимида сўзга чиққанлар юртимизда тиббиёт соҳасини янада ривожлантириш, аҳоли соғлигини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар “Инсон қадри учун” тамойилига асосан олиб борилаётганини таъкидлади.

Оилавий шифокорлик пунктида беморлар ва тиббиёт ходимлари учун барча шарт-шароит яратилган.

Шифо масканини фойдаланишга топшириш маросимида иштирок этган меҳмонлар ва жамоатчилик вакиллари шифохонада яратилган шароитлар билан яқиндан танишди.  

***

Хатирчи тумани 2-сектор ҳудудида Навоий вилояти Ёшлар ишлари бошқармаси бошлиғи У.Баҳромов ва спорт бошқармаси бошлиғи Ж.Муртазаев иштирокида ёшлар билан учрашув ташкил этилди.  

Мулоқот давомида 25 нафарга яқин ёшнинг муаммолари тингланди. Улардан 6 таси жойида ҳал этилган бўлса, вақт ва муддат талаб қиладиган мурожаатлар тегишлилиги бўйича масъулларга йўналтирилди.  

***

Навоий вилоятида бажарилган қурилиш ишлари ҳажми 2023 йилнинг мос даврига нисбатан 20,1 фоизга ошди.

Вилоят статистика бошқармаси маълумотларига кўра, 2024 йилнинг январь-июль ойларида 4 773,8 миллиард сўмлик қурилиш ишлари бажарилган.

А.Бўриев,

ЎзА мухбири