“Ҳудудгазтаъминот” АЖ томонидан газ тармоқларини 2024 йилда мукаммал таъмирлаш ва реконструкция қилиш манзилли дастури тасдиқланган. Унга кўра, Навоий вилоятида 10,4 километр газ тармоқларини мукаммал таъмирлаш ва реконструкция қилиш режалаштирилган.
Бугунги кунда филиалнинг лойиҳа бўлими томонидан лойиҳа-ҳисоблаш ҳужжатлари ишлаб чиқилиб, экспертиза хулосалари олинмоқда. Дастурга кўра, Кармана туманининг “Зиёкор”, “Хўжа Хисрав”, “Деҳқон” Алишер Навоий маҳалла фуқаролар йиғинларида газ тармоқларини реконструкция қилиш ишлари кўзда тутилган. Айни пайтда филиалга қарашли қурилиш-монтаж бригадаси ишчилари томонидан эски газ қувурларини янгисига алмаштириш ишлари олиб борилмоқда. Паст босимли ер ости газ қувурларида мукаммал таъмирлаш ишлари бажарилмоқда.

– Маҳаллаларда олиб борилаётган реконструкция ишларига қурилиш монтаж бригадасидан 20 нафарга яқин ишчилар жалб этилган, – дейди қурилиш-монтаж бошқармаси етакчи муҳандиси Ҳусайин Муҳаммедов. – Ишчиларимиз барча зарур техника ва воситалар билан таъминланган. Алишер Навоий маҳалласида паст босимли газ қувурларида олиб борилаётган мукаммал таъмирлаш ишлари натижасида маҳалладаги 150 та хонадонда табиий газ таъминоти янада яхшиланади.
Шу кунларда вилоятнинг Кармана туманидан ташқари Навоий шаҳрининг “Ҳаёт”, Хатирчи туманининг “Боғчакалон”, Қизилтепа туманининг “Янги ҳаёт” МФЙларида ҳам газ қувурлари мукаммал таъмирланмоқда. Режадаги таъмирлаш ишлари якунига етгач, вилоятдаги 1142 та аҳоли хонадонида газ таъминоти янада яхшиланади.

***
“Юксалиш” ҳаракатининг Навоий вилояти ҳудудий бўлинмаси ва вилоят ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармаси томонидан чорва сонини кўпайтириш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан жамоатчилик эшитуви ўтказилди.
Маълумотларга кўра, чорвачиликда ўсиш суръатини ўртача 3,5 фоизга ошириш бўйича чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш белгиланган эди. Жамоатчилик эшитувида вилоят ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Пўлат Дуйсенов ахборот бериб, чорва сони ва маҳсулот ҳажмини ошириш борасида амалга оширилган ишлар ҳақида тўхталиб ўтди.
Таъкидланганидек, бугунги кунда вилоятда 1559 та чорвачилик субъектлари мавжуд бўлиб, уларнинг 41 таси наслчилик хўжаликлари ҳисобланади.

– 2024 йилнинг ўтган даврида қорамоллар сони 536,4 минг бошга, майда туёқлилар сони 2,4 миллион, паррандалар сони эса 3,7 миллионтага етказилди, – дейди П.Дуйсенов. – Вилоятда чорвачилик ва унинг тармоқларини ривожлантириш мақсадида умумий қиймати 327 миллиард сўмлик 72 та, шундан 10 та қорамолчилик, 35 та қўй-эчкичилик, 4 та йилқичилик, 8 та туячилик, 6 та паррандачилик, 5 та балиқчилик, 3 та сут ва гўшт маҳсулотларини қайта ишлаш ва 1 та омихта ем ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга ошириш режалаштирилган. Ушбу лойиҳалар ишга тушгач, қўшимча 600 тадан ортиқ янги иш ўринлари яратилади. Бундан ташқари йил якунига қадар Қизилтепа туманида “Янги аср” фермер хўжалиги ва Навбаҳор туманидаги “Bahar milk” МЧЖнегизида чорвачиликка ихтисослаштирилган кластерлар ташкил этилади.
Жорий йилнинг ўтган даврида гўшт ишлаб чиқариш 31,2 тоннага, сут 87,8 минг тоннага, тухум 88,9 миллион донага, балиқ маҳсулотлари 1,3 минг тоннага етказилган. Эшитув сўнггида экспертлар томонидан чорва сони ва ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар ҳажмини янада кўпайтириш, янги иш ўринлари яратиш бўйича тавсиялар берилди.

А.Бўриев, ЎзА мухбири