Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Навоий вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
17:37 / 2024-02-24

Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети қишлоқ хўжалиги факультети талабалари ўртасида 2024 йил – “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили” муносабати билан “Инновацион ғоялар етакчиси” танлови ўтказилди.

Унда 20 нафарга яқин талаба ўз лойиҳаси билан қатнашди.  

Иштирокчиларнинг ғоялари профессор-ўқитувчилардан иборат ҳакамлар гуруҳи томонидан баҳолаб борилди.  

Ёшларнинг инновацион инкубатор қурилмаси, лаванда ўсимлигидан янги усулда доривор эфир мойини олиш, саноат чиқинди сувларини турли кимёвий тузлар ёрдамида самарали тозалаш бўйича таклифлари барчада қизиқиш уйғотди.  

Танловда фаол иштирок этган талабалар муносиб рағбатлантирилди.  

***

Навоий вилоят адлия бошқармасида вилоят судининг судьялари томонидан ҳудудий адлия органлари ходимлари ва юридик хизмат марказлари масъул ходимлари иштирокида суд қарорларини қайта кўриш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси қонунларига киритилган янги ўзгартиришларнинг муҳокамасига бағашланган семинар машғулоти ўтказилди.  

Унда 2023 йил 25 декабрдаги “Суд қарорларининг қонунийлиги ва асослилигини текшириш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси процессуал кодексларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” қонуни қабул қилиниши муносабати билан қонун ҳужжатларига киритилган ўзгаришлар ҳақида маълумот берилди.  

***

Конимех туманида бугунги кунда 5993 та табиий газ истеъмолчиси мавжуд бўлиб, туман газ таъминоти бўлими ходимлари маҳаллалар бўйича аҳоли хонадонларига кириб, табиий газдан хавфсиз фойдаланишга доир тарғибот тадбирларини олиб боришмоқда.  

Тарғибот жараёнларида хонадонлардаги дудбўронларнинг нотўғри ўрнатилиши, қўлбола ностандарт газ печларидан фойдаланиш, шунингдек, лойиҳадан ташқари ўзбошимчалик билан иситиш жиҳозлари ўрнатиб олганлик ҳолатлари аниқланиб, уларни бартараф этиш чоралари кўрилмоқда.

– Туманимизда 15 та маҳалла фуқаролар йиғини бор, – дейди тумангаз газ таъминоти бўлими бўлим бошлиғи Жонибек Джўраев. – Шундан еттитаси табиий газдан фойдаланади. Йил бошидан буён маҳаллалар бўйича хонадонма хонадон юриб газдан хавфсиз фойдаланиш, ис гази олдини олишга оид тарғиботлар ўтказиб келяпмиз. Шу кунга қадар икки мингга яқин эслатмалар аҳоли хонадонлари ва ижтимоий объектларга тарқатилди. Шу билан бирга қоидага зид иситиш печи ўрнатганлик ва бошқалар бўйича 28 та далолатнома тузилди. Аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан истеъмолчиларга 200 дан ортиқ огоҳлантириш хатлари берилди.  

Жойларда ўтказилаётган бу каби тарғиботлардан кўзланган мақсад инсон ҳаётини асраш, унинг хавфсизлигини таъминлаш, газ билан боғлиқ кўнгилсиз ҳодисаларнинг олдини олишдир.

А.Бўриев, ЎзА мухбири