“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Навоий ҳудудий филиали томонидан узоқ ҳудудлардаги истеъмолчиларга сифатли ва узлуксиз электр энергияси етказиб бериш борасидаги ишлар давом этмоқда.


Хусусан, Нурота тумани Янги турмуш маҳалласида тикланган 72 дона темир-бетон таянчга 1,8 километр узунликда электр узатиш тармоғи ва 1 дона 160 кВА қувватдаги трансформатор пункти ўрнатилди.
***
Кармана туманидаги “Ниҳол” тантаналар уйида Халқаро ногиронлар куни муносабати билан “Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин” шиори остида байрам тадбири бўлиб ўтди.

Тадбирда ижтимоий кўмакка муҳтож фуқароларга 7 та ногиронлик аравачаси, 4 та эшитиш мосламаси, 5 та қўлтиқ таёқ, 2 та тирсак ҳасса топширилди.
***
Навоий шаҳар ИИБ ЖХХ ҲПБ томонидан “Долзарб 40 кунлик” ҳамда “Зўравонликка қарши 16 кун” акцияси доирасида хотин-қизлар билан психологик тренинг ўтказилди.

Тадбирлар давомида хотин-қизларнинг мурожаатлари, уларни қийнаб келаётган муаммолар ўрганилиб, ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ҳал этиш чоралари кўрилмоқда.

Шунингдек, жамиятда ўз ўрнини топишга қийналаётган хотин-қизларнинг руҳиятига таъсир этувчи салбий омилларни камайтириш, эртанги кунга ишончини ошириш, келажакдаги мақсадини аниқ қўя билиш ва муваффақият сари интилиш кўникмаларини ҳосил қилиш мақсадида психологик тренинглар ўтказилмоқда.

Тренинглар якунида руҳий ҳолат кўрсаткичлари таҳлил қилиниб, мутахассислар томонидан керакли тавсиялар берилмоқда.
***
Навоий вилоят статистика бошқармаси маълумотига кўра, 2023 йилнинг 1 ноябрь ҳолатига вилоятда жами 3 минг 496 та оилавий корхона фаолият юритмоқда.

Жумладан, оилавий корхоналар Навоий шаҳри, Кармана ва Навбаҳор туманларида кўп ташкил этилган бўлса, Ғозғон шаҳри, Томди ва Учқудуқ туманларида камчиликни ташкил этади.
А.Бўриев,
ЎзА мухбири