—
Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганлигининг 34 йиллиги муносабати билан Зарафшон шаҳрида “Навоий кон-металлургия комбинати” АЖ Марказий кон бошқармаси бўлинмаларида ишлайдиган ишчи-ходимлар ўртасида “Қадринг баланд бўлсин, она тилим!” шиори остида “Диктантлар танлови” ўтказилди. 30 нафарга яқин иштирокчи қатнашган танлов якунида 1-ўринни 2-гидрометаллургия заводи ходими А.Алиев, 2-ўринни Ташқи сув таъминоти бирлашган энерго хизмати лаборанти М.Садиева ва 3-ўринни 7-гидрометаллургия заводи ходими А.Ражабов эгаллади. Ғолиб ва совриндорлар 3-бирлашган касаба уюшмаси қўмитаси томонидан тақдирландилар.


***
Халқ депутатлари Томди Кенгашидаги ЎзЛиДеП депутатлик гуруҳи ташаббуси билан туман марказидан салкам 200 километр олисда жойлашган “Аяққудуқ” ОФЙнинг Кулумбет аҳоли пунктида истиқомат қилувчи хотин-қизлар ва болалар ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш мақсадида бепул тиббий кўрик ташкил этилди. – Аҳолининг репродуктив саломатлигини муҳофаза қилиш, фуқароларда учрайдиган турли касалликларни вақтида аниқлаш, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламни зарурий дори-дармонлар билан таъминлаш мақсадида малакали мутахассисларни жалб этган ҳолда 80 нафарга яқин хотин-қизлар, болалар бепул тиббий кўрикдан ўтказилди, – дейди ЎзЛиДеп туман Кенгаши “Аёллар қаноти” фаоли С.Кайипова. – Бу каби тиббий кўрикларнинг олис ҳудудларда ташкил этилиши аҳоли орасида кутилмаган юқумли касалликлар тарқалишининг олди олинишига, турли онкологик касалликларнинг эрта аниқланишига хизмат қилади.

Кўрик якунида “Аёллар дафтари”да турувчи, айрим касалликлар аниқланган бир гуруҳ хотин-қизларга бепул дори-дармон воситалари тарқатилди.

***
Навоий вилояти ИИБ ҳамда ИИВ Академиясидан ташриф буюрган мутасаддилар томонидан Қизилтепа туманида “қизил” тоифадаги “Навқирон” маҳалласида криминоген вазиятларни яхшилаш бўйича ўрганишлар олиб борилди. Ўрганишлар давомида ҳудудни “қизил” тоифадан “сариқ” тоифага ўтказиш борасида ишлаб чиқилган “Йўл харитаси” асосида амалга ошириб келинаётган ишлар юзасидан суҳбат олиб борди. Суҳбат давомида яқинда содир этилган жиноятлар таҳлил этилиб, уларга сабабчи бўлган омиллар ўрганилди.


А.Бўриев, ЎзА мухбири