Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Навоий вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
17:02 / 2023-06-02

Юртимизда болаларнинг ижтимоий ҳимояси, уларнинг соғлиғи ва таълим-тарбияси борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бундай ғамхўрликдан ҳеч бир бола четда эмас.

“Маҳалла” хайрия жамоат фонди Навоий вилояти бўлими томонидан 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан Конимех туманидаги болажонлар ҳолидан хабар олинди.

– Боланинг кўнглини кўтариш инсоннинг ўзига ҳам қувонч бағишлайди, – дейди фонднинг вилоят бўлими раиси Ф.Солиев. – Келгусида фонд томонидан болаларни ҳар томонлама соғлом ва баркамол қилиб тарбиялаш, ўзларига бўлган ишончни мустаҳкамлаш, келажакда ижтимоий ҳаётда фаол иштирок этишига кўмаклашишга қаратилган маънавий-маърифий тадбирларни кўплаб ўтказиш режалаштирилган. Болажонларга фонд томонидан турли ўйинчоқ ва эсдалик совғалари топширилди.

*** 

1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан Навоий вилояти ИИБ томонидан халқимиз тинчлиги ва осойишталиги йўлида фидокорона хизмат қилиб, ҳалок бўлган ходимлар фарзандлари учун байрам тадбири ташкил этилди.  

Дастлаб Навоий шаҳридаги “Ёшлар маркази” да марҳум ИИБ ходимларининг оила аъзолари ҳамда уларнинг 14 нафар фарзандлари иштирокида спортнинг шахмат ва шашка турлари бўйича мусобақа ўтказилди. Унда фаол иштирок этган болажонларга вилоят ИИБ томонидан қимматбаҳо совғалар ва спорт анжомлари топширилди.  

Шунингдек, Алишер Навоий номидаги истироҳат боғида болажонлар турли ўйин қурилмаларида учиб, музқаймоқ ва ширинликлар билан меҳмон қилинди.

***  

Конимех туманидаги “Қоракўл – Учтепа – Сур” МЧЖ томонидан тайёр чарм ишлаб чиқарилади.  

Мазкур жараёнга сўнгги технологиялар жалб қилинган бўлиб, тумандаги чорвачилик билан шуғулланувчи хўжаликлардан тери хомашёси сотиб олинади ва жараён уч босқичда амалга оширилади.

Дастлабки босқичда терига ишлов берилса, кейинги босқичда чарм маҳсулоти тайёрланади. Сўнгги босқичда эса тайёр маҳсулот ишлаб чиқарилади.  Умумий қиймати 500 миллион сўм бўлган мазкур лойиҳа йилига минг дона терини қайта ишлаш қувватига эга.  

***

Навоий шаҳри “Хумо” маҳалласидаги “BAS VELLO-GOLD TEXTILE” оилавий корхонаси тикувчилик йўналишида фаолият олиб боради.  

Ҳозирда корхонада 35 нафарга яқин хотин-қиз иш билан таъминланган. “BAS VELLO” бренди остида ишлаб чиқарилаётган тайёр кийим-кечак маҳсулотлари Москва шаҳрига экспорт қилинмоқда.

А.Бўриев, ЎзА