Навоий вилояти Ички ишлар бошқармаси томонидан вояга етмаганлар масалалари бўйича (катта) инспектор-психолог лавозимларига муносиб номзодларни саралаб олиш мақсадида Навоий давлат педагогика институти психология йўналишининг битирувчи курслари иштирокида учрашув ўтказилди.
Тадбирда ҳозирги кунда ички ишлар органлари хизматига қабул қилиш тартиблари ва хизматга танловларсиз қабул қилинадиган тор ихтисослик мутахассисликлари тўғрисида маълумот берилди. Шунингдек, ички ишлар органлари хизматига қабул, ходимларга яратилаётган шарт-шароитлар ва соҳада инспектор психологларнинг хизмат фаолияти бўйича тайёрланган видеоролик намойиш этилиб, иштирокчиларни қизиқтирган саволларга жавоб берилди.
***
Конимех тумани ҳокимлигида республика Марказий банки мутахассислари томонидан аёллар ва ёшлар учун молиявий саводхонлик бўйича семинар ўтказилди.
Тадбир давомида Марказий банк мутахассислари томонидан кредит олиш, банк омонатларидан фойдаланган ҳолда жамғармани шакллантириш, шунингдек, молиявий хавфсизлик (жумладан, рақамли молиявий хавфсизлик), молиявий хизматлар, истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари, тўлов тизими ва замонавий молиявий технологиялар бўйича тушунчалар берилди.
***
Навбаҳор туманида 15 май – Халқаро оила куни муносабати билан “Янги Ўзбекистоннинг ибратли оиласи” кўрик танлови бўлиб ўтди. Танловда “Янги куч” маҳалла фуқаролар йиғинидан иштирок этган Анвар Хидиров оиласи 1-ўринни, “Кўҳрон” маҳалла фуқаролар йиғинидан иштирок этган Рашид Шамилов оиласи 2-ўринни ва “Қоровултепа” маҳалла фуқаролар йиғинидан иштирок этган Қаҳрамон Собиров оиласи 3-ўринни эгаллади.
Тадбир давомида туман маданият бўлими ҳузуридаги бадиий жамоаларнинг миллий қадриятларимизни тараннум этувчи концерт дастури намойиш этилди.
***
Навоий вилояти статистика бошқармаси маълумотига кўра, 2023 йилда вилоятда кичик тадбиркорлик субъектлари томонидан асосий капиталга киритилган инвестициялар ҳажми 1876,9 миллиард сўмни ёки жами инвестиция ҳажмининг 51,1 фоизини, ўсиш суръати эса 2022 йилга нисбатан 115,5 фоизни ташкил қилди.
А.Бўриев,ЎзА