Навоий вилояти судида суд қарорлари ижросини сифатли таъминлаш масалаларига қаратилган семинар ўтказилди. Унда вилоят суди судьялари, туманлараро, туман ва шаҳар судлари раислари, вилоят прокуратураси, Мажбурий ижро бюросининг вилоят ҳамда унинг ҳудудий бўлимлари бошлиқлари ва давлат суд ижрочилари иштирок этди.
Семинарда Ўзбекистон Республикасининг “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида” ги қонуни 8-, 24-моддаларига асосан қайтарилган ижро ҳужжатларини тўлиқ инвентаризациядан ўтказиш ва қайтариш асосларини танқидий ўрганиш ҳамда қайтарилган ижро ҳужжатлари бўйича аниқланган камчиликларни ўз вақтида бартараф қилган ҳолда ижрога қайтариш масалалари тўғрисида сўз юритилди.
Шунингдек, тадбирда 2019-2022 йиллар мобайнида судлар томонидан ижрога қаратилиб, ҳозирги кунда қолдиқда қолган ижро ҳужжатларини ижро этиш ҳолати муҳокама қилинди.

***
“Zarafshan Golden Group” компанияси томонидан Навоий вилоятида ягона бўлган “PARIZOD beauty & spa center” аёллар соғломлаштириш ва нафосат маркази фойдаланишга топширилди. Бу ерда 20 нафар хотин-қиз иш билан таъминланди.




***
Хатирчи тумани ҳокими Сайфиддин Низамов бошчилигида туман ҳокимининг ўринбосарлари ва ташкилотлар раҳбарлари иштирокида навбатдаги фуқаролар қабули ўтказилди.
Унда фуқароларнинг турли соҳаларга оид муаммолари, талаб ва таклифлари эшитилди. Йўлларни таъмирлаш, уй-жой масалалари, даволаниш, моддий ёрдам сингари долзарб масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.
Қабулда 11 нафар фуқаронинг мурожаати жойида ҳал этилди, 5 нафар фуқарога ҳуқуқий тушунтириш берилган бўлса, 27 нафар фуқаронинг мурожаатлари рўйхатга олиниб, ижросини таъминлаш мақсадида тегишли ташкилот раҳбарларига йўналтирилди.



***
Вилоят статистика бошқармаси маълумотига кўра, 2023 йилнинг январь-февраль ойида Навоий вилоятида 675 та корхона ва ташкилот (фермер ва деҳқон хўжаликларисиз) янгидан ташкил этилган.
Навоий шаҳри, Қизилтепа ва Кармана туманларида энг кўп субъект рўйхатга олинган бўлса, энг ками Ғозғон шаҳри, Томди, Конимех ва Нурота туманларида ташкил этилган.

А.Бўриев, ЎзА