Конимех туман тиббиёт бирлашмаси туғруқ бўлими “Ташаббусли бюджет” ҳисобидан 500 миллион сўм маблағ эвазига тўлиқ таъмирланди.
Мазкур бўлим 14 ўринга мўлжалланган бўлиб, йилига ўртача саккиз юз нафарга яқин ҳомиладор ва туғруқ ёшидаги аёлларга хизмат кўрсатади.

Бўлим хорижда ишлаб чиқарилган замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозланган.
* * *
Қизилтепа тумани “Айрончи” маҳалласидаги 37-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти фойдаланишга топширилди.

“Обод қишлоқ” Давлат дастури доирасида 120 ўринли ушбу мактабгача таълим ташкилотининг қурилиш ва таъмирлаш ишларига 4,2 миллиард сўм маблағ сарфланди.
* * *
“Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими томонидан Янги йил байрами муносабати билан Навоий шаҳридаги 16-сон “Қўнғироқча” кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотида тарбияланаётган имконияти чекланган болалар ҳолидан хабар олинди.

Бугунги кунда мазкур боғчада юз нафардан ортиқ имконияти чекланган болажонлар тарбияланади.
Тадбирда болажонларга турли ширинликлардан иборат янги йил совғалари топширилди.

Бундан ташқари фонд томонидан байрам муносабати билан Навоий шаҳри, Хатирчи, Навбаҳор, Кармана ва бошқа туманларда яшовчи кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногиронлиги бўлган 60 нафар фуқаро ҳолидан хабар олинди. Уларга 15 миллион сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди.
* * *
Хатирчи туманидаги 4-сектор ҳудудида жойлашган “Янги” маҳалласи ёшлар етакчиси М.Маҳмудов ташаббуси билан спортчи Низомиддин Актамов хотирасига бағишлаб футбол бўйича хотира турнири ўтказилди.

Финалда “Янги” маҳалласи ёшлари “Бўғирдоқ” маҳалласи ёшларини мағлубиятга учратиб, турнир ғолибига айланди.
Турнир сўнгида ғолиб ва совриндорларга Н.Актамовнинг оила аъзолари томонидан совғалар топширилди.
Абдували Бўриев, ЎзА