Навоий шаҳридаги Маънавият ва маърифат марказида “Коррупцияга қарши курашиш ойлиги” муносабати билан Навоий, Бухоро ва Самарқанд вилояти мактабгача таълим бошқармалари масъуллари, тизим қуйи ташкилотлари раҳбар ва ходимлари учун семинар ташкил этилди.
Унда “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни мазмун-моҳияти, мамлакатимизда коррупция ва унинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар ҳақида сўз юритилди.

Навоий вилояти мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи Ўткир Тиллаевнинг айтишича, ўтган йиллар давомида вилоятда тизимда 2 та коррупция ҳолати аниқланган бўлиб, бундан керакли хулоса чиқариш лозим. Шунинг учун мунтазам равишда барча мактабгача таълим ташкилотларида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар вакиллари иштирокида коррупциянинг ҳар қандай кўринишининг олдини олишга қаратилган тарғибот-ташвиқот тадбирлари олиб бориляпти.
Семинарда иштирокчилар томонидан мавзу юзасидан тегишли тавсия ва таклифлар ишлаб чиқилди.

Навоий шаҳридаги Маънавият ва маърифат марказида “Уч авлод учрашуви” бўлиб ўтди.
Тадбирда кўп йиллик самарали меҳнатлари билан аҳоли ўртасида ҳурмат-эътибор қозонган, бугунги кунга қадар турли юқори лавозимларда ишлаб, республикамиз равнақи йўлида фидокорона хизмат қилган вилоят фаоллари, нуронийлар, давлат мукофоти совриндорлари, ёшлар иштирок этди.

Учрашувда ёшлар тарбиясида, уларнинг жамиятда ўз ўрнини топишида салмоқли ҳисса қўшиб келаётган бир гуруҳ нуронийлар ва ёшларга “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлимининг эсдалик совғалари топширилди.

Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги Ишчи гуруҳи Хатирчи туманида бўлиб, тизимда амалга оширилаётган ишлар билан танишди. Ишчи гуруҳи томонидан “Дамариқ”, “Фаровон”, “Самарқанд” ҳамда “Навбаҳор” МФЙ ҳудудида жойлашган кўп квартирали уйлар хатловдан ўтказилиб, камчиликларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар белгиланди.
Ҳозирда “Фаровон” маҳалласидаги Пўлкан кўчасида жойлашган кўп қаватли уйларнинг фасад қисмини бўёқлаш ва кириш йўлакларини таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.

Навоий вилоят адлия бошқармаси ташаббуси билан тизимда фаолият юритаётган ходимлар ўртасида “Адлия спартакиадаси” ташкил этилди.
Икки кун мобайнида соҳа вакиллари спортнинг шахмат, шашка, камондан ўқ отиш, стол тенниси ва мини футбол турлари бўйича ўзаро куч синашди.
Беллашувлар якунида ғолиб ва совриндорлар тақдирланди.


Абдували Бўриев, ЎзА