Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Навоий вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
10:13 / 2022-11-08

“Маҳалла” хайрия жамоат фонди Навоий вилояти бўлими ва Навоий давлат педагогика институти қошидаги “Қатағон қурбонлари” музейи дирекцияси ҳамкорлигида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 8 октябрдаги “Қатағон қурбонларининг меросини янада чуқур ўрганиш ва улар хотирасини абадийлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармойиши ижросини таъминлаш мақсадида фонднинг вилоят бўлими, туман ва шаҳар бўлинмалари ходимларининг “Қатағон қурбонлари” музейига саёҳати уюштирилди.

Мустабид тузум даврида юрт озодлиги учун курашган 100 мингдан ортиқ ватандошларимиз қатағонга учраган. Уларнинг қанчаси “халқ душмани” деган туҳмат билан шафқатсиз отиб ташланган. Яна қанчаси сургун қилиниб, азоб-уқубатларга дучор этилган. Оилалари пароканда бўлиб, мол-мулклари тортиб олинган. Биргина Навоий вилояти ҳудудидан 250 нафар ватандошимиз 1937-38 йилларда қатағон қурбони бўлишди, улар отилган ёки узоқ муддатга қамалган.  

Бу ҳақида музей директори Хуршид Қурбонов иштирокчиларга тўлиқ маълумот берди.  

–  Музейда Навоий вилоятидан қатағонга учраган 161 нафар ота-боболаримиз ҳақида расмий материаллар билан бирга оилавий архивларда сақланиб қолган кўплаб тарихий ҳужжатлар, ноёб суратлар тўпланмоқда. Қатағон қурбонларининг номлари, уларнинг ҳаёти ва фаолияти вилоятдаги туманлар кесимида аниқланмоқда. Ушбу маълумотлар асосида “Уларнинг айби – буюк бўлгани” номли китоб нашр этилди, – дейди Х.Қурбонов.  

Фонд ходимлари музейда сақланаётган тарихий ҳужжатлар ва экспонатлар билан танишдилар.  

*** 

Хатирчи туманида вилоят ИИБ бошлиғи – 3-сектор раҳбари Азат Тасбаев иштирокида сайёр қабул ташкил этилди.  

Унда қабулга келган 20 нафардан ортиқ фуқаронинг ички йўлларни таъмирлаш, моддий ва тиббий-ижтимоий ёрдам ҳамда ишга жойлаштириш каби мурожаатлари кўриб чиқилиб, ижобий ҳал этилди. Жумладан, Чечак ота МФЙда истиқомат қилувчи Роҳат Мақсудованинг ёлғиз оналиги ва бир неча йилдан буён яшаш хонадонининг том қисми ёпилмаганлиги, ёғин-сочин кунларда томчи ўтиши сабабли ёрдам сўраб қилган мурожаати шу ернинг ўзида ҳал этилди.  

***  

Навоий вилоятида 2022 йилнинг 10 ойи давомида 127 нафар бола фарзандликка олинган.  

Вилоят адлия бошқармаси матбуот хизмати маълумотига кўра, ФҲДЁ идораларида ўтган давр мобайнида 33 минг 983 та, жумладан 7235 та никоҳ, 21806 та туғилиш расмийлаштирилган, 1170 та ажрим ҳамда 3772 та ўлим ҳолати қайд этилган.  

Энг кўп никоҳ Хатирчи туманида 1437 та, энг кўп туғилиш Навоий шаҳрида - 4933 та кузатилган бўлса, энг ками Ғозғон шаҳрида 66 та туғилиш ва 52 та никоҳ расмийлаштирилган.  

***  

Конимех туманида “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида “Заковат” интеллектуал ўйинининг туман босқичи ўтказилди. Унда сектор босқичларида ғолиб бўлган 6 та жамоа ўзаро куч синашди.  

Қизғин ўтган баҳслардан сўнг ўз билими ва зукколиги билан бошқа жамоалардан устун бўлган “Шўртепа” маҳалласи 1-ўринни, “Гулистон” маҳалласи 2-ўринни ва Боймурат овули жамоаси 3-ўринни эгаллади.  

 

Абдували Бўриев,  

ЎзА мухбири