2017-2020 йилларда Қизилтепа туманида намунавий лойиҳалар асосида 266 та якка тартибдаги коттеж ва 376 та хонадонга мўлжалланган кўп қаватли уйлар қурилган бўлса, 2021 йилда Алишер Навоий маҳалласида 240 хонадонли 12 та 5 қаватли уйлардан иборат “Алишер Навоий” массиви бунёд этилди.
Айни пайтда Маликобод маҳалласидаги “Янги Ўзбекистон” массивида 200 хонадонга мўлжалланган 8 та 5 қаватли уйлар қурилмоқда.

Шунингдек, тадбиркорлар томонидан туман марказида 1250 хонадонга мўлжалланган 20 дан ортиқ кўп қаватли уйлар қурилиши давом этмоқда.
* * *
Навоий вилояти прокурори Бахтиёр Аҳмедов ва Конимех туман ҳокими Руслан Рўзиев туманнинг чекка ҳудудларидан бири “Саржал” овул фуқаролар йиғинида сайёр қабул ўтказди.
Туман Халқ қабулхонаси, секторлар, тумандаги ташкилот, корхона ва идоралар раҳбарлари иштирок этган қабулда 20 дан ортиқ мурожаатларга ечим изланди.
Қабул давомида фуқаролар томонидан электр таъминоти, газ, ишга жойлашиш, кадастр иши, чорвачиликни ривожлантириш учун имтиёзли банк кредити, ички йўлларни таъмирлашда амалий ёрдам бериш каби мурожаатлар билдирилди.
Ушбу мурожаатларнинг аксарияти жойида ҳал этилди. Ўрганиш ва муддат талаб қиладиган муаммоларнинг бартараф этилиши юзасидан тегишли мутасадди ташкилот ва идоралар раҳбарларига топшириқлар берилди.
* * *
Навбаҳор туманида маҳаллий ҳокимлик ва адлия бўлими ҳамкорлигида “Адлия тадбиркорга дўст” лойиҳаси доирасида ҳуқуқий мулоқот ташкил этилди.

Унда мамлакатимизда тадбиркорлар учун яратиб берилаётган шарт-шароитлар, қонунчиликда белгиланган имтиёзлар ҳақида маълумот берилиб, тадбиркорларнинг мурожаатлари тингланди. Мурожаатлар тегишлилигига кўра давлат идоралари вакиллари томонидан иш юритувга қабул қилиниб, тадбиркорларга ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.
* * *
Зарафшон шаҳар ИИБ ЙҲХБ ходимлари томонидан шаҳар ҳудудидан ўтган 102 км йўл ва 7 та пиёдалар йўлакчаси қайтадан чизилиб, яроқсиз йўл белгилари янгисига алмаштирилди.
Аҳоли серқатнов жойларда пиёдалар билан боғлиқ йўл транспорт ҳодисаларининг олдини олиш мақсадида 6 та пиёдалар ва тартибга солувчининг макетлари ҳамда 2 та тарғибот баннерлари ўрнатилди.

Шунингдек, ташкилот ва корхоналарда содир этилган йўл транспорт ҳодисалари ва амалдаги йўл ҳаракати қоидалари юзасидан тарғибот тадбирлари ўтказилиб, тарқатма материаллар тарқатилмоқда.
Абдували Бўриев, ЎзА