“Маҳалла” хайрия жамоат фонди Навоий вилоят бўлими бошқаруви ташаббуси билан вилоятдаги кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг 50 нафар фарзандлари Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси вилоят Кенгаши тасарруфидаги “Ишонч” болалар соғломлаштириш оромгоҳига юборилди.
Ушбу мақсад учун Жамоат фонди вилоят бўлими томонидан 80 миллион сўм маблағ ажратилган.
“Ишонч” болалар соғломлаштириш оромгоҳи 2005 йилда ташкил этилган бўлиб, бу ерда болажонлар беш мавсумда дам олади. Ҳар мавсумда 100 нафардан болани қабул қилишга мўлжалланган оромгоҳда болажонларнинг мароқли ҳордиқ чиқаришлари учун барча шароитлар яратилган.
Зарафшон шаҳридаги “Тинчлик” маҳалла фуқаролар йиғинида шаҳар ҳокими Назирбек Рахмановнинг ҳудуддаги маҳаллаларда фаолият олиб бораётган ёшлар етакчилари билан учрашуви бўлиб ўтди.
Учрашувда маҳаллаларда йигит-қизлар муаммоларини ҳал этиш, касб ўрганиши ва бандлигига кўмаклашиш, бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш борасида амалга оширилаётган ишлар муҳокама этилди.
Тадбир доирасида IT дастурлаш мусобақасида ғолиб бўлган ёшлар шаҳар ҳокими томонидан рағбатлантирилди.
Қизилтепа туман ҳокими У.Файзиев Белорусь Республикасининг Дзержинск шаҳрида фаолият юритадиган ОАО “Дзержинский экспериментально-механический завод” директори Д.Курганович ва компаниянинг бошқарув дирекцияси вакиллари билан учрашув ўтказди.
Ушбу заводда автобус ва автомобилсозлик маҳсулотлари ишлаб чиқариш билан бир қаторда қурилиш саноати учун металл қолиплар ва асбоб-ускуналар, иситиш қозонлари, бетон аралаштиргичлар, тайёр қолипдаги уйлар ишлаб чиқарилади.
Учрашувда завод билан ҳамкорликда туманда қурилиш ишларини амалга ошириш бўйича лойиҳалар, истиқболли режалар муҳокама қилинди.
Якунда туман ҳокими У.Файзиев ва завод директори Д.Курганович томонидан ўзаро ҳамкорлик меморандуми ва Қизилтепа ҳамда Дзержинск шаҳри ўртасида биродарлик шартномаси имзоланди.
Қирғизистоннинг Бишкек шаҳрида ўтказилган ўсмирлар ва ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатида зарафшонлик Севинч Султонова Италияда ўтказиладиган жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритди.
65 кг вазнда кураш олиб борган Фаррух Сайдуллаев шогирди учинчи ўрин учун япониялик рақибасига қарши кечган муросасиз беллашувда 0-7 ҳисобида ютқаза туриб, якунда иродали ғалабани қўлга киритди.
Абдували Бўриев, ЎзА