French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Навоий вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
10:48 / 2022-06-01

“Маҳалла” хайрия жамоат фонди Навоий вилояти бўлими томонидан 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан Навоий шаҳридаги “Янгиариқ” маҳалласида “Спортни сев, спорт билан яша” шиори остида маҳалла ёшлари ўртасида спортнинг мини футбол тури бўйича мусобақа ташкил этилди.

Унда маҳалла ёшларидан иборат “Юксалиш” ва “Шижоат” жамоалари ўзаро куч синашди. Муросасиз кечган ўйинда 5-4 ҳисобида “Шижоат” жамоаси ғалаба қозонди. Жамоаларга “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлимининг эсдалик совғалари топширилди. 

* * * 

Навоий вилояти адлия бошқармасида “Аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини оширишда давлат органлари ва ташкилотлари ўртасида ўзаро ҳамкорлик механизмини шакллантириш муҳим вазифалардан бири” мавзусида учрашув ўтказилди. 

Аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини янада юксалтириш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликнинг олдини олиш ҳамда ушбу жараёнларда давлат органлари ва ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорликни янада кучайтириш мақсадида 12 та давлат органи ва ташкилоти ҳамкорлигида чора-тадбирлар режаси тасдиқланган. 

Тадбирда вилоят адлия бошқармаси бошлиғи Аъзамжон Сарабеков, вилоят ИИБ бошлиғи Азат Тасбаев ва бошқалар ҳуқуқий тарғибот тадбирларини ижтимоий кам таъминланган аҳоли қатлами, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” га киритилган фуқаролар, ёшлар, меҳнат мигрантлари, профилактик назоратда турувчи фуқаролар ўртасида олиб бориш мақсадга мувофиқ эканлигини таъкидлади. 

Учрашувда қайд этилганидек, ҳуқуқий ахборот фуқароларга уйма-уй юриш, оммавий қабуллар, давра суҳбатлари ва акциялар орқали, ижтимоий тармоқлар ва оммавий ахборот воситалари кўмагида таъсирчан усуллардан фойдаланилган ҳолда етказилади. Тадбирлар мобайнида аҳоли мурожаатлари ҳам қабул қилинади.

* * * 

Кармана тумани ҳокими Фахриддин Умаров ҳамда тегишли масъуллар иштирокида аҳоли мурожаатлари ўрганилди.

 Сайёр қабулда фуқаролар субсидия асосида уй-жой олиш, таъмирталаб уй-жойларни таъмирлаш, соғлигини тиклаш мақсадида моддий кўмак олиш, имтиёзли кредит ажратиш каби масалаларда мурожаатлар қилди. 

Қабул давомида фуқароларнинг 12 та мурожаати тингланиб, уларнинг 5 таси жойида ҳал этилди, 4 таси бўйича масъулларга топшириқ ҳамда 3 та мурожаатга ҳуқуқий тушунчалар берилди.

* * *

Қизилтепа туманидаги “Сарой” маҳалласи ёшлар етакчиси Д.Болтаева ташаббуси билан маҳаллада “Беш ташаббус олимпиадаси” ўтказилди.

Самарали ташкилотчилик муносиб баҳоланиб, саройлик ёшлар Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги томонидан 20 миллион сўмлик совғалар билан тақдирланди. 

Абдували Бўриев, ЎзА