Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан Навоий вилоятидаги давлат органлари ва ташкилотларида фаолият юритаётган кадрлар хизмати раҳбар ва масъул ходимлари учун амалий семинар ташкил этилди.
Унда давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 11 май куни қабул қилинган “Давлат бошқаруви соҳасида коррупциявий хавф-хатарларни бартараф этиш механизмларини такомиллаштириш ва ушбу соҳада жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган топшириқлар ижроси юзасидан вазифалар белгилаб олинди.
Семинарда соҳада мавжуд муаммолар ва белгиланган вазифалар атрофлича муҳокама этилиб, кадрлар хизмати масъул ходимларининг мурожаатлари ва таклифлари тингланди.
Навоий вилоятида 2022 йил январ-март ойларида тайёр маҳсулот турларини кенгайтириш ва ишлаб чиқарилишини қўллаб-қувватлаш бўйича амалга ошириб келинаётган чора-тадбирлар натижасида истеъмол маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 883 млрд. сўмга етди.
Бу кўрсаткич 2021 йилнинг январ-март ойларига нисбатан 108,1 фоизни, саноатдаги улуши 4,4 фоизни ташкил этди.
Навоий вилояти судида “Ҳужжатларни идоравий архивларда вақтинча сақлаш, давлат архивига ўтказиш ва йўқ қилиш тартиби” тўғрисида ўқув семинари ташкил этилди.
Онлайн семинарда Ўзбекистон Республикаси Олий суди архив мудири Т.Шоймардонов, вилоятдаги барча туманлараро, туман, шаҳар судларининг архив мудирлари, архивариуслари, вилоят давлат архиви ходимлари иштирок этди.
Унда архив ишларини жамлаш, уларнинг ҳисобини юритиш, бут сақланишини таъминлаш ва улардан фойдаланишни ташкил этишнинг ягона тартибини белгилаш, архив ҳужжатларини сақлашнинг норматив режимлари, архив сақловхоналарини сақлаш воситалари билан жиҳозлаш тартиблари, ҳужжатларнинг техник-кимёвий ҳолатини текшириш қоидалари, архив ҳужжатларидан фойдаланиш ва берилган архив ҳужжатларининг сақланишини назорат қилиш тартиблари юзасидан фикр алмашилди.
Шунингдек, семинарда миллий архив фондининг давлатга тегишли қисми таркибига киритилган архив ҳужжатларини идоравий архивларда вақтинча сақлаш муддатлари, белгиланган тартибда давлат архивларига топшириш, шахсий таркиб бўйича ҳужжатлар, суд ишлари ва хўжалик китобларининг идоравий архивларда сақланиши, мазкур ҳужжатларнинг идоравий архивларда вақтинча сақлаш муддатлари ўтгач, белгиланган тартибда давлат архивларига топширилиши юзасидан батафсил тушунтириш берилди.
Томди туманининг Янги Томди қўрғонида "BURA CAMEL" хусусий корхонаси фаолият бошлади.
Тадбиркор Айнара Досова ташаббуси билан ишга туширилган лойиҳа умумий қиймати 754 миллион сўмни ташкил этиб, 10 га яқин миллий ва замонавий маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда.
Ҳозирги кунда хусусий корхонада 15 нафар “Аёллар дафтари” рўйхатига киритилган хотин-қиз иш билан таъминланган. Келгусида бу ерда иш ўринлари сони 50 тага етказилиши режалаштирилган.
Абдували Бўриев, ЎзА