Президент Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йил 5 апрел куни ўтказилган мактаб таълимини ислоҳ қилиш бўйича йил бошида белгиланган топшириқлар ижросига оид йиғилишда намунали ўқувчининг ота-онасига миннатдорчилик хати ва совғалар топшириб боришни тизимли йўлга қўйиш кераклиги, ҳар чоракда энг намунали ота-оналарни рағбатлантириб, оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиб бориш таъкидланган эди.
Ғозғон шаҳар халқ таълим бўлими томонидан шаҳардаги энг фаол ва иқтидорли ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари рағбатлантирилди. Ўқувчиларга бадиий китоблар тўплами топширилди.
* * *
Навоий вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Нормат Турсунов оилавий болалар уйларидаги шароитлар билан танишди. Бугунги кунда Кармана туманидаги “Қувноқ болалар”, “Янги замон болалари” оилавий болалар уйида 3 ёшдан 18 ёшгача бўлган 18 нафар тарбияланувчи тарбияланмоқда. Оилавий болалар уйида тарбияланувчиларнинг руҳияти, мавжуд шароитлар ўрганилиб, “Қувноқ болалар” оилавий болалар уйига олиб келадиган йўлни асфальтлаштириш юзасидан масъулларга топшириқ берилди.
* * * 
Кармана тумани Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бўлими ходимлари, маҳалла раислари ва фаоллари "Малик" маҳалла фуқаролар йиғинидаги Гулшан қўрғонида "Яшил йиллик" умуммиллий тадбирида иштирок этди.

Ушбу тадбир доирасида 22 минг дона қоратол қаламчалари, 7 минг дона терак, 150 дона беҳига пайвандланган нок кўчати, 25 дона сасна экилди.
* * *
Хатирчи туманидаги 6-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактабида “Беш ташаббус” доирасида "Ёшлар овози" Республика кўрик-танловининг туман босқичи бўлиб ўтди.

Унда опера, бахшичилик, анъанавий ижро (мақом), эстрада хонандалиги йўналишларида иштирокчилар 10-15, 16-22, 23-30 ёш тоифасида ўз маҳоратини намойиш этди.

Якунда ғолиблар танловнинг кейинги босқичига йўлланмани қўлга киритиб, туман ҳокимлиги ва Ёшлар ишлари агентлиги туман бўлими томонидан қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Абдували Бўриев, ЎзА