Хатирчи туманидаги “Осиё Гранд” тантаналар масканида 21 март Наврўз умумхалқ байрами муносабати билан нуронийлар, туман фаоллари, турли фан олимпиадалари ва спорт мусобақаларида ғолибликни қўлга киритиган ўқувчи-ёшлар иштирокида “Уч авлод учрашуви” ташкил этилди.
Унда нуронийлар ўрта ва ёш авлодга Наврўз умумхалқ байрами тарихи, ўзлари ишлаган давр ҳақида гапириб, бугунги кунда ёшларимиз учун яратилаётган шарт-шароитлар, улардан оқилона фойдаланиш зарурлиги тўғрисида тўхталди.

Тўкин дастурхон атрофида ташкил этилган “Уч авлод учрашуви” туман маданият бўлими ходимлари ижросидаги куй-қўшиқлар билан давом этди.
* * *
Нурота тумани “Авазсой” маҳалла фуқаролар йиғинида Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш маркази ҳамда маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси ташаббуси билан “хонадонбай” ўрганиш ишлари бўйича ўтказилган сўровнома натижасига кўра гилам тўқишни ўрганиш истагини билдирган 20 нафар ишсиз хотин-қиз касб-ҳунарга ўқитилмоқда.

Икки ой ичида гилам тўқишни ўрганган хотин-қизлар тадбиркорларга бириктирилиб, ҳар бир ишсиз хотин-қизларнинг хонадонига гилам тўқиш дастгоҳлари ўрнатилади ва улар доимий даромадга эга бўлади.
* * *
Навоий шаҳар ҳокимлигида Маҳаллаларда ёшлар билан ишлашни мувофиқлаштириш бўйича Республика комиссияси аъзолари томонидан маҳаллаларда фаолият кўрсатаётган ёшлар етакчилари иштирокида “Маҳаллаларда ёшлар билан ишлашнинг самарали бошқарув тизимини йўлга қўйиш” мавзусида учрашув ўтказилди.

Унда ёшлар билан ишлаш жараёнида эътибор қаратиш лозим бўлган жиҳатлар, муаммоли вазиятларда ўзини бошқариш, муаммоларга ечим топиш усуллари, етакчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тўғрисида тушунча ва тавсиялар берилди.


Тадбир сўнгида ҳар бир ёшлар етакчисига 50 донадан китоблар жамланмаси тақдим этилди.
* * *
Қизилтепа туманида Ё.Тўрақулов номидаги Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази директори Феруз Тўраев бошчилигида профессор ва фан номзодларидан иборат бир гуруҳ мутахассислар томонидан оилавий поликлиникалар ва оилавий шифокор пункти шифокорлари иштирокида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 26 январдаги "Эндокринология хизматини такомиллаштириш ва кўламини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори мазмун-моҳияти ва ижросига бағишлаб ўқув семинари ташкил этилди.

Семинар давомида ҳар йили камида бир марта 40 ёшдан ошган аҳоли қандли диабет ва диабет олди ҳолатлари учун мақсадли скринингдан ўтказилиши, эндокрин касалликлар аниқланган беморларни оилавий шифокорлар томонидан даволаш чоралари ҳақида тўлиқ маълумотлар берилди ва тарқатма материаллари тарқатилди.
Пойтахтлик мутахассислар томонидан 180 нафар бемор тиббий кўрикдан ўтказилди.
Абдували Бўриев, ЎзА