Мамлакатимизда таълим тизимини янада такомиллаштириш, мураббий ва ўқитувчилар меҳнатини рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Фидойи, меҳнатсевар, фаолияти давомида юзлаб битирувчиларни олий таълим муассасаларига ўқишга киришига муносиб ҳисса қўшган ўқитувчиларнинг қўллаб-қувватланаётгани бунга яққол мисолдир.
Навбаҳор туманида ўтган 2020/2021 ўқув йили битирувчиларининг 76,6 фоизи олий таълим муассасаларига қамраб олинган. Бу ўқитувчиларнинг яратиб берилаётган имкониятлардан самарали фойдаланиб ўқувчиларга замонавий билим бераётганидан далолатдир.
Тумандаги 1-умумтаълим мактабининг физика фани ўқитувчиси Соҳиба Наврўзова ва 20-умумтаълим мактабининг география фани ўқитувчиси Обиджон Сайдахметовнинг меҳнатлари алоҳида эътироф этилди. Уларга Навбаҳор туман ҳокими Лочин Облақулов томонидан “Президент совғаси” сифатида “Кобальт” автомашиналари топширилди.
*****
Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини жорий этиш ва ривожлантириш вазирлиги томонидан янгидан ташкил этилаётган Хатирчи туманидаги 20-умумтаълим мактаби, Кармана туманидаги 2-умумтаълим мактаби, Зарафшон шаҳридаги 8-умумтаълим мактаби, Қизилтепа туманидаги 4-умумтаълим мактабларига 16 донадан, жами 64 дона компьютер жамланмаси топширилди. Президентимизнинг 2020 йил 6 октябрдаги “Ахборот технологиялари соҳасида таълим тизимини янада такомиллаштириш, илмий тадқиқотларни ривожлантириш ва уларни IT-индустрия билан интеграция қилиш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори бу борадаги ишлар самарадорлигини янада оширишда муҳим дастуриламал вазифасини ўтамоқда.
*****
Навоий шаҳридаги 8-информатика ва ахборот технологияларига ихтисослаштирилган мактабда информатика ва ахборот технологиялари фани ўқитувчиларини дастурлаш тиллари – SCHRATCH ва C++ бўйича малака кўникмаларини шакллантиришни самарали ташкил этиш мақсадида “SCHRATCH” технологияси бўйича ўқув курсларини битирган 15 нафар ўқитувчига сертификатлар топширилди.
Ушбу ўқитувчилар ўз билим ва кўникмаларини ўқувчиларга ўргатиш, шу тариқа уларнинг компьютер саводхонлигини ошириш имкониятига эга бўлди.
*****
Вилоят статистика бошқармаси маълумотига кўра, 2021 йилда (фермер ва деҳқон хўжаликларисиз) жами 4 минг 993 та корхона ва ташкилот янги ташкил этилган. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 639 тага кўп.
Жумладан, Навоий шаҳрида 920 та, Хатирчи туманида 654 та, Кармана туманида 646 та, Қизилтепа туманида 576 та, Навбаҳор туманида 515 та, Учқудуқ туманида 437 та, Зарафшон шаҳрида 420 та, Нурота туманида 237 та, Конимех туманида 233 та, Томди туманида 206 та ва Ғозғон шаҳрида 149 та корхона ва ташкилот ташкил этилган.
Абдували Бўриев, ЎзА