“Йилнинг энг яхши тарбиячиси” аниқланди
Мактабгача таълим тизимида юқори малакали тарбиячиларни аниқлаш, рағбатлантириш, уларнинг педагогик маҳорати ва ижодий қобилиятини ривожлантириш, илғор тажрибаларни оммалаштириш, педагогик фаолиятнинг нуфузини янада ошириш, касбий фаолиятда соғлом рақобат ва ижодкорлик муҳитини яратиш мақсадида ўтказилган “Йилнинг энг яхши тарбиячиси” танловининг вилоят босқичи ғолиблари аниқланди.
Кармана туманидаги 3-сон давлат мактабгача таълим ташкилотида бўлиб ўтган танловда туман ва шаҳар босқичларида ғолиб бўлган 46 нафар тарбиячи иштирок этди.
Танлов якунларига кўра, “Энг яхши методист тарбиячи” номинациясида Навоий шаҳридаги 26-сонли МТТ ходими Гавҳар Муртазоева, “Энг яхши ижодкор тарбиячи” номинациясида Учқудуқ туманидаги 5-сонли МТТ тарбиячиси Дурдона Ҳамроева, “Инновацион ва ахборот технологияларини қўллайдиган энг яхши тарбиячи” номинациясида Кармана туманидаги 18-сонли МТТ тарбиячиси Насиба Маҳмудова, “Энг яхши ғоя муаллифи” номинациясида Зарафшон шаҳридаги 15-сонли МТТ тарбиячиси Феруза Ҳамроева, “Энг яхши моҳир қўл устаси” номинациясида Зарафшон шаҳридаги 10-сонли МТТ тарбиячиси Насиба Сапарова ғолиб деб топилди.
Вилоят босқичида биринчи ўринни эгаллаган ғолиб тарбиячилар танловнинг республика босқичида иштирок этиш учун йўлланмани қўлга киритди.
Ташқи савдо айланмаси ошди
Жорий йилнинг январ-июнь ойларида Навоий вилоятининг жами ташқи савдо айланмаси 595,2 миллион долларни ташкил этиб, 2020 йилнинг мос даврига нисбатан 112,2 фоиз ўсишга эришилди.
Ташқи савдо айланмаси ҳажмида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги давлатлари билан 153,8 миллион ва бошқа давлатлар билан 441,4 миллион АҚШ долларини ташкил этди. Ҳисобот даврида жаҳоннинг 62 мамлакати билан савдо алоқалари амалга оширилди.
2021 йилнинг январ-июнь ойларида вилоятдаги субъектлар томонидан 32 та мамлакатга 209,4 миллион АҚШ долларлик маҳсулотлар экспорти амалга оширилди. Ушбу даврда кичик бизнес субъектлари томонидан 20,9 миллион АҚШ доллар яъни умумий экспорт ҳажмининг 10 фоизи миқдорида маҳсулотлар (товар ва хизматлар) экспорт қилинди.
Ишлаб чиқариш корхонасига оқова сувларни тозалаш ускунаси ўрнатилди
Навоий вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси томонидан “Қизилқумцемент” АЖ кон цехи оқова сувларни тозалаш иншоотида давлат экологик мониторинги ўтказилди.
“Қизилкумцемент” АЖ кон цехининг режаси ҳамда “Саноат корхоналари уюшмасининг тасдиқланган дастури”га мувофиқ қайта замонавийлаштирилиб, оқова сувларни тозалаш ускунаси ўрнатилди. Ушбу ускунадан бошқарма Атроф-муҳит ифлосланишини мониторнинг қилиш бўлими томонидан таҳлил учун намуналар олинганда ўтган йилга нисбатан умумий самарадорлиги 50 фоиз ижобий натижани ташкил этди.
Маҳалла раислари учун амалий семинар
Хатирчи туманидаги “Боғишамол” маҳалла фуқаролар йиғинида маҳалла раислари иштирокида “Паррандачиликни ривожлантириш, аҳоли хонадонларида парранда боқиш ва узум плантациялари ташкил этиш, бу орқали уларни даромадга йўналтириш” мавзусида амалий семинар бўлиб ўтди.
Унда “Боғишамол” МФЙ мисолида тумандаги барча маҳаллаларда паррандачиликни ривожлантириш, узум плантацияларини ташкил этиш, бу йўналишда хар бир хонадонни даромадли қилиш тўғрисида маълумот берилди.
Семинар иштирокчилари паррандачилик орқали даромад топиб келаётган Наврўз Холиқов ва узум етиштиришнинг ҳадисини олган Шавкат Муҳаммадиев хонадонларида ҳамда “Олтинсой” маҳалласи ҳудудида тадбиркор Шерзод Тешаев томонидан барпо этилган узумзорда бўлиб, товуқ ва жўжалар ҳамда узумчиликдан даромад олиш йўл-йўриқлари билан танишди.
[gallery-3389]
Абдували Бўриев, ЎзА