Информатика фани ўқитувчиларига 4,9 млн. сўм пул мукофоти топширилди
Навоий вилояти ҳокими Қобул Турсунов “Бир миллион ўзбек дастурчилари” лойиҳасида иштирок этиб, натижага кўра республика Топ-100 талигида биринчиликни қўлга киритган навоийлик 22 нафар информатика фани ўқитувчисини тақдирлади.

Ўқитувчиларга ҳокимлик “Ташаккурнома”си ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан ажратилган 4 900 000 сўмдан пул мукофотлари топширилди.
Жорий йилнинг 7 ойида Навоий шаҳридаги Перенатал марказида 6 маротаба учталик эгизаклар туғилган
Давлат хизматлари агентлиги маълумотига кўра, Навоий вилоятида 2021 йилнинг 1 август ҳолатига кўра, 14 200 та туғилиш қайд этилди.
Энг кўп туғруқ Хатирчи туманида - 2841 та ҳамда Навоий шаҳрида - 2657 тани, энг ками эса Томди туманида - 44 та кузатилди.
850 дан ортиқ туғилганлик гувоҳномалари эса перенатал марказлари ва мобиль офисларда сайёр тартибда фуқароларга топширилди.
Шифокорларнинг таъкидлашича, сўнгги уч йилда кузатилмаган ҳолат, икки ва уч фарзанд кўраётган оналар кўпаймоқда. Биргина Навоий шаҳридаги перенатал марказида жорий йилнинг ўзида 6 маротаба учталик эгизаклар туғилган.
Ҳудудларга қуввати 100/160 кВА бўлган трансформаторлар ўрнатилади
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 2 апрелда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларини амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Навоий вилоятида қишлоқ ва маҳаллаларнинг электр энергияси таъминотини яхшилаш бўйича кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, “Навоий ҲЭТК” АЖ тасарруфидаги Марказий омбордан 12 дона ҳар хил қувватга эга бўлган трансформаторлар Кармана, Хатирчи, Нурота, Қизилтепа, Навбаҳор, Конимех, Учқудуқ, Томди, Зарафшон ҳамда Навоий шаҳарларидаги дастурга киритилган МФЙ ҳудудларига йўналтирилди.
Ҳозирда ушбу ҳудудларда трансформатор пунктларини ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда.
Аёли эъзозланган юрт
Хатирчи туман ҳокимлиги ва Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими томонидан Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларида жойлашган тарихий обидаларга “Аёллар дафтари”га киритилган 40 нафар хотин-қизнинг икки кунлик бепул саёҳати ташкил этилди.

Улар Самрқанд шаҳри ва Шаҳрисабздаги диққатга сазовор жойларни зиёрат қилиб маданий ҳордиқ олди.
– Мен 47 ёшдаман. Қашқадарёга биринчи келишим, худди туш кўраётгандекман, Бизга бундай имкониятлар яратиб берган давлатимиз раҳбарига барча аёллар номидан ташаккур айтаман – дейди "Бинокор" маҳалласида яшовчи Азиза Мингбоева.
“Адолатли қайнона” кўрик танлови бўлиб ўтди
Кармана тумани ҳудудидаги маҳаллаларда истиқомат қилувчи қайноналар ўртасида уларнинг ташаббускорлиги, миллий қадирятлар, анъана ва удумларни асраб-авайлаш, ёш авлодга етказиш борасидаги ибратли фаолиятини ўзида мужассам этган “Адолатли қайнона” кўрик-танловининг туман босқичи бўлиб ўтди.

Танловда қайноналар оила ва жамият ҳаётидаги иштироки, ёшларнинг маънавий-маърифий дунёқарашини юксалтиришга қўшаётган ҳиссаси, келинлар ўртасида адолатни ўрната олиш каби ҳаётий тажрибаларини намоён этди.
Танлов натижаларига кўра, 1-ўринни “Кўҳна қўрғон” маҳалласидан Махфурат Ярашова, 2-ўринни “Янги ариқ” маҳалласидан Зайнаб Усмонова ва 3-ўринни “Варқ” маҳалласидан Гулнора Маматова қўлга киритди.
Абдували Бўриев, ЎзА