Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Навоий вилояти хабарлари қисқа сатрларда
11:46 / 2021-05-08

Барча ҳудудларда бўлгани каби Навоий вилояти Зарафшон шаҳрида ҳам 9 май – Хотира ва қадрлаш кунини кенг нишонлаш мақсадида карантин талабларига риоя қилган ҳолда маданий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Дастлаб шаҳар марказидаги “Мотамсаро она ҳайкали” мажмуасида иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини хотирлаб, гул қўйиш тадбири ўтказилди. 

“Фавворалар сайлгоҳи”да ҳарбий техникалар кўргазмаси, ҳарбий қисмлар аскарлари ва спорт клублари иштирокчиларининг кўргазмали чиқишлари ташкил этилди. 

Тадбирда “Олтин водий” маданият уйи бадиий жамоалари, шаҳар маданият бўлими хонандалари ижросида концерт дастури намойиш этилди.

***

Нурота туманида “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида эҳтиёжманд ва кам таъминланган оилаларга 3,4 миллиард сўм қийматидаги ёрдамлар кўрсатилди. 

Бундан ташқари, “Темир дафтар”га киритилган 696 нафар оилага қарийб 542 миллион сўмлик моддий ёрдам кўрсатилган.

***

Халқ депутатлари вилоят ва Кармана туман Кенгашлари депутатлари Саодат Бозорова ва Гулноза Жалилова Кармана туманидаги “Калавот” маҳалласида бўлиб, маҳаллада мавжуд муаммоларни ўрганди.

Маҳаллада "Темир дафтар"га 42 нафар фуқаро киритилган бўлиб, ўтган давр мобайнида уларга кўрсатилган моддий ёрдам, бандлигига кўмаклашиш, ўзини ўзи банд қилиш натижасида 40 нафари рўйхатдан чиқарилган. "Аёллар дафтари"га киритилган 46 нафар аёлдан 23 нафарини рўйхатдан чиқариш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Шунингдек, 84 нафар "Ёшлар дафтари"га киритилган ёшга кредит ва деҳқончилик қилиши учун ер ажратилди. 

***

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига халқ депутатлари Кармана тумани Кенгашининг туманда 3 та янги маҳалла ташкил этиш тўғрисидаги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Қарорга мувофиқ, тумандаги “Варқ”, “Дўстлик”, “Боғишамол” маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудида янги маҳалла фуқаролар йиғинларини тузиш кўзда тутилмоқда. Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги кадастр агентлиги эксперт комиссиясининг хулосасига асосан, янги тузилаётган маҳаллаларга “Деҳқонобод”, “Буюк ипак йўли”, “Янгиҳаёт” номи берилиши режалаштирилган. 

***

Учқудуқ туманида 9 май – Хотира ва қадрлаш“ куни муносабати билан “Инсон қадри улуғ – хотира муқаддас!” шиори остида спортнинг белбоғли кураш тури бўйича “Туман ҳокими кубоги” мусобақаси ташкил этилди.

6 та вазн тоифасида ўтказилган мусобақада катта ёшдаги ўсмирлар ўртасида мутлоқ ғолибликни +66 кг вазн тоифасида Шохназар Исомов, 66 кг вазн тоифасида Сардор Тошимов, 60 кг вазн тоифасида Ойбек Эшпўлатов ғолибликни қўлга киритган бўлса, кичик ёшдаги ўсмирлар ўртасида 32 кг вазн тоифасида Асрор Раҳматов, 42 кг вазн тоифасида Қувончбек Қувондиқов, 46 кг вазн тоифасида Асадбек Раҳматов ғолиб, деб топилди.

Барча ғолиб ва фаол иштирокчиларга туман ҳокими томонидан совғалари топширилди.

 

Абдували Бўриев, ЎзА