English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Навоий вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
11:37 / 2020-11-29

Нуротада корхоналарни соғломлаштириш ва хусусийлаштириш клиникаси иш бошлади.

Нурота туманидаги давлат иштирокидаги корхоналарни белгиланган тартибда хусусийлаштириш, уларни иқтисодий жиҳатдан соғломлаштириш чораларини кўриш ва бўш турган объектлардан самарали фойдаланишни ташкил этиш мақсадида корхоналарни соғломлаштириш ва хусусийлаштириш клиникаси ташкил қилинди.

Туман ҳокимлиги биноси 2-қаватида фаолият бошлаган мазкур клиника Давлат активларини бошқариш агентлигининг ҳудудий органи томонидан бошқарилмоқда. Клиникага тумандаги Бош вазир қабулхонаси, Тадбиркорликка кўмаклашиш маркази, Инвестициялар ва ташқи савдо бўлими, Молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш бўлими ва туман ҳокимлиги вакиллари жалб этилган. Шунингдек, куну тун ишлайдиган “1082” рақамли колл-марказ йўлга қўйилди.

*******

Навоий шаҳрида 3 минг 889 та тадбиркорлик субъекти фаолият юритади.

Жорий йилнинг январ-октябр ойларида 637 та кичик бизнес субъекти ташкил этилган. бўлиб, қўшимча 824 та янги иш ўрни яратилган ва бюджетга 930 миллион сўмдан ортиқ маблағ туширилган. Йил якунига қадар яна 80 га яқин янги тадбиркорлик субъектини давлат рўйхатидан ўтказиш кўзда тутилмоқда.

Хитойнинг «Ёу Канг» компанияси акциядорлари Янг Қианг ҳамда Ўзбекистондаги лойиҳа раҳбари Ҳе Тонг бугун Зарафшон шаҳар ҳокими билан учрашди.

Ушбу компания ўтган йили маҳаллий ҳамкорлар билан биргаликда Тўдакўлда балиқ етиштиришни бошлаган эди. Ҳозирги кунга келиб 200 та садокда интенсив усулда йилига 3 минг тонна балиқ етиштирилмоқда. Маҳсулот тармоқли дўконлар фаолиятини йўлга қўйиш орқали ички бозорда сотилади.

Учрашувда Зарафшон шаҳрида ҳам шундай дўкон ташкил этишга келишиб олинди.

Нурота туманида барча қулайликларга эга бўлган замонавий Рақамли технологиялар ўқув маркази фойдаланишга топширилди.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан қарийб 500 миллион сўм маблағ эвазига “Ўзбекистон почтаси” АЖ Навоий филиалининг Нурота почта алоқаси тармоғи биносида ташкил этилган мазкур ўқув марказида йилига 1000 нафардан ортиқ ёшлар учун компьютердан самарали фойдаланиш, дастурлаш асослари, компьютер графикаси ва дизайн, робототехника, веб дизайн асослари, дастурлаш тиллари, веб ва мобиль иловаларни яратиш каби ўқув курслари ҳамда давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг раҳбар ва ходимлари учун ахборот-коммуникация технологияларидан самарали фойдаланиш бўйича малака ошириш ўқув курслари ташкил этилади.

Қизилтепа туманида ҳозирги кунда табиий газдан фойдаланувчи аҳоли истеъмолчилари сони 18 340 тани ташкил этади.

Жорий йил 25 ноябр ҳолатида 8 591 нафар истеъмолчида жами 915 миллион сўмдан ортиқ қарздорлик мавжуд.

Огоҳлантириш хати берилгандан сўнг 1809 нафар истеъмолчи 410 миллион сўмга яқин қарздорликни тўлаган бўлса-да, 687 нафар истеъмолчи тўловни вақтида амалга оширмаган.

«Hududgaz Navoiy» газ таъминоти филиали матбуот хизматининг маълум қилишича, 9 миллион 570 минг сўм қарздорликни тўламаганлиги учун ҳозирча 7 та хонадон табиий газ тармоғидан узилган.

Абдували БЎРИЕВ,  ЎзА