Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Навоий вилояти ва Россия компаниялари ўртасида келишувлар
12:11 / 2023-10-07

Навоий вилояти ҳокими Нормат Турсунов бошчилигидаги делегация аъзолари Россия Федерациясининг Қозон шаҳрида Ўзбекистон – Россия ҳудудлараро ҳамкорлик бўйича III форуми доирасида ташкил этилган кўргазмада иштирок этишди.

Дастлаб вилоят делегацияси Татаристон Республикасидаги йирик саноат паркларидан бири – КИП “Мастер” ишлаб чиқариш жараёнларини бориб кўришди.

КИП “Мастер” – Татаристоннинг йирик саноат паркларидан бири бўлиб, 1,5 миллион квадрат метр ҳудудни ўз ичига олади. Бугунги кунда ушбу саноат паркининг 300 га яқин резидентлари мавжуд. Улар томонидан 12 мингта иш ўрни яратилган.

Навоий вилояти ҳокимлиги ахборот хизматининг маълум қилишича, вилоят делегацияси ушбу саноат зонаси фаолияти, бошқарув модели ҳамда резидентлар учун яратилган шарт-шароитларни кўздан кечириб, паркдаги “КамАЗ”, “СтиС Набережные Челны”, “Кора”, “Тракс Восток Рус”, “Логикам” компаниялари фаолияти билан танишди.

Форум доирасида эса Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги савдо- иқтисодий алоқалар, Навоий вилоятида хорижий инвесторлар учун яратилаётган имкониятлар, хусусан, Навоий вилоятининг инвестицион, саноат, савдо-иқтисодий ва туризм салоҳиятлари тўғрисида тақдимотлар намойиш этилди. 

Россия компаниялари вакиллари билан G2B ва B2B форматида музокараларда иштирок этган вилоят ҳокими Н.Турсунов “Александр Град”, “Объединенная двигателе-строительная корпорация”, “Кора”, “Латосса”, “АвтоВАЗ” ва бошқа компаниялар вакиллари билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш юзасидан ўз таклифларини билдирди.

Якунда “Навоий” эркин иқтисодий зонасида “КИП “Мастер” ҳамкорлигида 20 гектар ер майдонида саноат паркини ташкил этиш, шунингдек, “Латосса” ва “Кора” компаниялари билан ташкил этиладиган мазкур саноат паркида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш юзасидан ҳамкорлик меморандумлари имзоланди.

А.Бўриев, ЎзА мухбири