Муносабат
2025 йил 26 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис ва халққа қилган мурожаатномасида келгуси йиллар учун олтита асосий устувор йўналиш белгилаб берилди. Унга мувофиқ, маҳалла институтини мустаҳкамлаш, иқтисодиётни диверсификация қилиш, хизматлар соҳаси ва яшил энергетикани ривожлантириш Навоий вилояти учун муҳим имкониятлар яратади.
Хусусан, Навоий саноат локомотиви сифатида чуқур қайта ишлаш ва иш ўринлари яратишни устувор вазифа сифатида қўллаб-қувватлайди. Вилоят кончилик ва металлургия, қурилиш материаллари, кимё ва энергетика йўналишлари бўйича республикадаги йирик саноат марказларидан бири ҳисобланади. Келгусида хом-ашёни тайёр маҳсулотга айлантириш ҳажми ошиши, энергия тежовчи ускуналар ва рақамли бошқарув тизимлари жорий этилиши режалаштирилмоқда. Бу эса малакали муҳандис ва техник кадрларга бўлган талабни оширади.

Маҳалла институтининг давлат бошқарувидаги ўрни янада кенгайиши таъкидланди. Бу Навоийда ичимлик суви ва йўл инфратузилмасини босқичма-босқич такомиллаштириш, тиббиёт ва таълим хизматларида сифатни ошириш, фуқаролар ташаббусини қўллаб-қувватлаш имкониятларини яратади.
Хизматлар соҳаси ҳам иқтисодиётнинг асосий драйверларидан бири сифатида белгиланди. Навоийда туризм (тарихий масканлар ва саноат туризми), логистика (транспорт коридорлари ва омборхона хизматлари), рақамли хизматлар (IT, онлайн савдо ва электрон хизматлар) устувор йўналишлар этиб белгиланди. Бу кичик бизнес учун имкониятларни кенгайтиради, бюджет тушумларини барқарорлаштиради ва ёшлар бандлигини оширади.
Яшил энергетика ҳам вилоят учун устувор йўналиш сифатида эътироф этилмоқда. Навоийда шамол ва қуёш энергияси лойиҳалари амалга оширилмоқда. Бу саноат учун барқарор ва арзонроқ энергия таъминлайди, атроф-муҳит босимини камайтиради ҳамда янги технологиялар кириб келишини осонлаштиради. Шунингдек, энергия тежовчи уй-жойлар ва иссиқлик тизимларини модернизация қилиш вилоят иқтисодига қўшимча фойда келтиради.
Кадрлар ва инновация ҳам устувор шарт сифатида белгиланди. Янги лойиҳаларнинг самараси замонавий касб-ҳунарга эга мутахассислар, илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграцияси ҳамда касб-ҳунар мактаблари билан ҳамкорлик орқали аниқланади. Олий таълим муассасалари, касб-ҳунар мактаблари ва корхоналар ўртасидаги кластер тизимини кучайтириш долзарб вазифалардан бири ҳисобланади.
Шу тариқа, мурожаатномада белгиланган вазифалар Навоий вилоятини рақобатбардош саноат марказига, қулай яшаш инфратузилмасига эга ҳудудга ва иқтисодий диверсификацияга тайёр минтақага айлантириш имкониятини яратади.
М.Эшниёзов,
ЎзЛиДеП Навоий вилоят Кенгаши раисининг
биринчи ўринбосари – аппарат раҳбари.
ЎзА