Президентимизнинг 2026 йил 11 февралдаги “2026 йилда Навоий вилоятини барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мазмун-моҳиятига кўра навбатдаги ҳудудий дастур эмас. У – Навоий вилоятини ресурсга таянган иқтисодиётдан инновация, қўшимча қиймат ва инсон капиталига асосланган янги тараққиёт моделига ўтказишни назарда тутган стратегик ҳужжатдир.
Навоий замини қадимдан савдо йўллари кесишган, маданиятлар туташган макон сифатида шаклланган. 2300 йиллик тарихга эга Кармана бугун ҳам ўтмиш ва замонавийлик уйғунлигининг рамзидир. XX асрда эса Навоий саноат марказига айланди: кончилик, кимё ва энергетика тармоқлари вилоят иқтисодиётининг таянчи бўлиб хизмат қилмоқда. Бироқ XXI аср шароитида глобал рақобат фақат хомашё экспортига таянган моделнинг етарли эмаслигини кўрсатмоқда. Энди ҳудудлар инновация, хизматлар соҳаси, туризм ва юқори қўшимча қийматли маҳсулотлар орқали рақобатбардошликни таъминлаши зарур. Мазкур қарор эса айнан шу бурилиш нуқтасини белгилаб берди.
Қарорда ялпи ҳудудий маҳсулотни 7,9 фоизга ошириш, қарийб 5 миллиард долларлик хорижий инвестиция жалб қилиш ва 1,5 миллиард долларлик экспортни таъминлаш каби аниқ ва улкан марралар белгиланган. 42 та янги конни ишга тушириш режаси саноат салоҳиятини мустаҳкамлайди. Бироқ ҳужжатнинг энг муҳим жиҳати – инсон омилига устувор эътибор қаратилганидир. 4,5 минг нафар аҳолини бозор талабига мос касбларга ўқитиш, камбағаллик ва ишсизликни қисқартириш, маҳаллаларни ихтисослаштириш – бу рақамлар ортида минглаб оилалар тақдири турибди. Демак, қарорнинг бош мақсади ялпи кўрсаткичлар эмас, балки аҳоли фаровонлигини оширишдир.

Мазкур ҳужжатда Кармана шаҳрини миллийлик билан уйғунлашган замонавий қиёфага келтириш, “Қадимий Кармана” туристик марказини барпо этиш, тарихий зиёратгоҳларни реставрация қилиш вазифалари белгиланган. Вилоятга 600 минг хорижий ва 3 миллион маҳаллий сайёҳ келишини таъминлаш режаси Навоийни тўлақонли туристик манзилга айлантиришни кўзлайди. Бу нафақат иқтисодий диверсификация, балки маданий меросни асраш ва ҳудуд брендини шакллантириш демакдир.
440 миллион куб метр сувни тежаш, сув тежовчи технологияларни жорий этиш, марказий истироҳат боғини реконструкция қилиш ва яшил ҳудудларни кенгайтириш каби вазифалар иқлим ўзгариши шароитида стратегик аҳамиятга эга. Барқарор тараққиёт иқтисодий ўсиш билан бир қаторда экологик мувозанатни ҳам талаб қилади.
Ҳужжат доирасида 39 та драйвер лойиҳа орқали инфратузилмани яхшилаш, инвестиция муҳитини ривожлантириш ва ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш вазифалари аниқ белгиланган. Молиялаштириш ва амалга ошириш муддатларининг белгилаб қўйилиши ижрони таъминлашда масъулиятни кучайтиради.
Ҳужжатда алоҳида эътибор қаратилган йўналишлардан бири Хатирчи туманида майизчилик кластерини ташкил этишдир. Узум етиштиришдан тортиб қайта ишлаш, қуритиш, саралаш, қадоқлаш ва экспортга чиқаришгача бўлган жараён аниқ режалаштирилган. Томчилатиб суғориш тизимларининг жорий этилиши сув тежамкорлигини таъминлаб, ҳосилдорликни оширади. Натижада янги иш ўринлари, барқарор даромад манбалари ва экспорт салоҳияти юзага келади. Бу ташаббус Хатирчини нафақат вилоят, балки республика миқёсида майизчилик марказига айлантириши мумкин.
Қизилтепа туманида чорвачиликка ихтисослашган компания ташкил этилиши эса агросаноат тармоғини диверсификация қилишга хизмат қилади. Бу ташаббус Томди, Навбаҳор, Учқудуқ ва Конимех туманларини ҳам қамраб олиб, ҳудудлараро кооперацияни мустаҳкамлайди.
Давлатимиз раҳбарининг мазкур қарори Навоий вилояти учун ҳақиқатан ҳам тарихий бурилиш нуқтасидир. У хомашёга таянган иқтисодиётдан қўшимча қиймат яратадиган, инсон капиталига суянган ва экологик барқарорликни таъминлайдиган янги моделга ўтишни англатади. Агар белгиланган вазифалар тўлиқ ва сифатли амалга оширилса, Навоий нафақат саноат маркази, балки инновация, туризм ва замонавий агросаноат ҳудуди сифатида янги қиёфада намоён бўлади.
Бу тарих ва келажак туташган нуқта, Навоий тараққиётининг янги саҳифасидир.
Назира Тоғаева,
халқ депутатлари Навоий вилояти Кенгаши депутати.
ЎзА