Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Навоий вилояти сифатли таълим ва билим олиш учун қулай шароит яратиш бўйича намунали ҳудудга айланади
14:14 / 2023-08-06

Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова Навоий вилоятида бўлиб, ўқитувчи ва тарбиячилар сифат таркибини янада яхшилаш, мактаб таълимидаги ўзгаришларни амалиётга жорий этиш юзасидан учрашув ўтказди.

Бугунги кунда вилоятдаги 364 мактаб ва 1169 мактабгача таълим ташкилотларида 267 минг 985 нафар тарбияланувчи ва ўқувчига салкам 27 минг нафар педагог таълим ва тарбия бериб келмоқда. Шунингдек, вилоятда 1 та Президент ва 6 та ихтисослаштирилган мактабда 2005 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда.

Учрашувда вазир сўнгги йилларда Навоий вилоятида мактабгача ва мактаб таълими тизимида ижобий ўзгаришлар бўлаётганини эътироф этди. Хусусан, вилоятда сўнгги 5 йилда 700 дан ортиқ боғчалар ташкил этилиб, уларнинг сони 1 203 тага етди ва мактабгача таълим билан қамров 61,7 фоиздан 79,8 фоизга ошди. Салоҳиятли (тоифали) педагоглар улуши 42,7 фоиздан 64,6 фоизга, мактаб битирувчиларини олий таълимга кириш кўрсаткичи йилдан йилга яхшиланиб, 64,6 фоизга етган бўлса, 143 янги мактаблар барпо этилиб, қўшимча 52 минг ўқувчи ўрни яратилди.  

Учрашувда Навоий вилоятини “сифатли таълим ва билим олиш учун қулай шароит” бўйича республикада “намунали ҳудуд”га айлантириш борасида бир қатор таклиф ва ташаббуслар илгари сурилди.

– Таълим мазмунини ошириш йўналишида Давлатимиз раҳбарининг топшириқлари асосида Президент ва ихтисослашган мактабларнинг тажрибаларини умумтаълим мактабларига олиб кириш лозим, – деди вазир Ҳ.Умарова. – Бунинг учун Навоий шаҳри, Қизилтепа, Учқудуқ, Кармана, Навбаҳор туманларининг 7 та мактабида ўқувчиларнинг қобилияти, билими синовдан ўтказилиб, танлов асосида (10-синфда ихтисослашув асосида ўқитиш) таълим жараёнлари, 8 та мактабда тажриба-синов тариқасида Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларнинг янгича ўқитиш ҳамда баҳолаш тизими жорий этилади. Ушбу мактабларда янги тизимни самарали жорий этиш мақсадида уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, хусусан, уларни STEAM лабораториялари билан таъминлаш, ўқув хоналарини электрон доска ҳамда ўқув мебеллари билан жиҳозлаш керак ва бунда албатта, ҳокимларнинг ёрдами зарур.  

Йиғилишда вилоятни намунали ҳудудга айлантириш жараёнини тезлаштириш, таълимда сифат ва мазмунни ошириш борасида кечиктириб бўлмайдиган бир қатор вазифалар белгиланди.  

Жумладан, Конимех, Томди, Учқудуқ, Нурота, Хатирчи туманларидаги олис чўл ва тоғли ҳудудларда жойлашган, интернет алоқа тизими яхши бўлмаган мактабларда “kundalik.cом” баҳолаш тизимини қайта кўриб чиқиш, Навбаҳор туманидаги “Баркамол авлод” болалар марказини замонавий жиҳозлар билан, Нурота туманидаги таълим тожик тилида олиб борилаётган мактабларни тожик алифбосидаги бадиий ва бошқа турдаги адабиётлар билан таъминлаш чораларини кўриш лозим.  

Шунингдек, Кармана ва Хатирчи туманларида янги ихтисослаштирилган мактаб-интернати ташкил этиш, Томди туманидаги фаолияти тугатилган ихтисослаштирилган мактаб-интернати мақомини тиклаш ва қайта фаолият юритишини йўлга қўйиш бўйича топшириқлар берилди.  

 

Абдували Бўриев,

ЎзА