Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Навоий вилояти ҳокими Наманганга тажриба алмашиш учун борди
17:59 / 2021-12-24

Навоий вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Нормат Турсунов бошчилигидаги ҳоким ўринбосарлари, шаҳар, туман ҳокимлари, бошқарма ва ташкитлотлар раҳбарларидан иборат делегация кичик саноат зоналари ташкил этиш ва тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш йўлидаги ишлар билан танишиш мақсадида Наманган вилоятида бўлди.

Меҳмонлар Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов ва Наманган шаҳар ҳокими Ғофуржон Жамолов ҳамроҳлигида вилоят марказида давлатимиз раҳбарининг 2018 йилдаги махсус қарори асосида ташкил этилган “Орзу”, “Юксалиш”, “Даштбоғ”, “Баркамол авлод” ва “Ёшлик” кичик саноат зоналарига ташриф буюриб, ушбу ҳудудлардаги “Gabon tekstil”, “Ko’ksaroy”, “Ideal-Orzu tekstil”, “Glass Expo”, “Zamin sanoat”, “Фабрика Наше”, “Aisha home tekstile” каби вилоятнинг етакчи енгил саноат, тикувчилик корхоналари ҳамда “Уста Комил” гулчилик маркази фаолиятини яқиндан ўрганди.

Наманган вилоятида ишлаб чиқариш ҳажми, ялпи ички маҳсулотларнинг кўлами кенгайиб, ўзимизда ишлаб чиқарилган трикотаж маҳсулотларини нафақат ички бозорга, балки жаҳон миқёсида экспорт қилинишига эришилди.

"Aisha home textile" МЧЖ вилоятдаги йирик корхоналардан бири саналиб, жорий йил бошидан буён 11 миллион долларлик маҳсулотларни экспорт қилишга муваффақ бўлди. Корхона ўтган вақт мобайнида 5 та халқаро танлов ва кўргазмада фаол иштирок этиб, халқаро сертифакатларни қўлга киритди. Бугунги кунда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо мамлакатлардан ташқари Саудия Aрабистони, Руминия, Молдова каби ўнлаб давлатлар билан доимий ҳамкорлик қилиб келмоқда.

Навоийлик раҳбарлар “Бунёдкор” маҳалла фуқаролар йиғинида ҳам бўлиб, замонавий маҳалла идораси биноси, ахборот технологиялари маркази, 2 минг 500дан зиёд адабиётлар билан бойитилган кутубхона, кўп қаватли уйларни кўрди.

Айни кунларда “Қишлоқ қурилиш инвест” масъулияти чекланган жамияти томонидан бунёд этилаётган ушбу кўп қаватли уй-жойларнинг 3 таси бугунги кунда фойдаланишга топширилган. Келгусида, ушбу ҳудудда “Янги Ўзбекистон” массиви бунёд этилади, бу ерда янги мактаб, боғча, ижтимоий соҳа обектлари ва 50 дан ортиқ кўп қаватли уйлар қурилади.

Гуллар шаҳри, дея эътироф этиладиган Наманганда гулчиликни ривожлантириш борасидаги амалий ишлар натижаси навоийликлар эътиборини тортди. Меҳмонлар борган "Уста Комил” МЧЖ айни вақтда 2 миллионга яқин гул кўчатлари ва уруғларини етиштирмоқда. 4 турдаги гуллар Сурхондарё, Фарғона, Самарқанд, Бухоро ва Тошкент вилоятларига етказиб берилмоқда.

Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА