English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Навоий вилояти делегацияси Чимбой туманида
12:52 / 2022-06-01

Навоий вилояти ҳокими ўринбосари Акмалжон Маҳмудалиев бошчилигидаги делегация Қорақалпоғистон Республикаси Чимбой туманида бўлди.

Маълумки, Чимбой туманининг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига кўмаклашиш Навоий вилоятига бириктирилган.   Вилоятдан келган бир гуруҳ тадбиркорлар Чимбойда қиймати 10,5 миллиард сўмлик 4 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирларини муҳокама қилди. Навоийликлар томонидан Чимбой туманига ўн турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари, болалар учун турли ўйинчоқлар, ўқув қуроллари ва китоблар жамланмалари, спорт анжомлари ҳамда иккита сув чиқариш учун замонавий насослар етказилди. 

– Ташриф давомида паррандачилик комплексини ташкил этиш, сифатли ва арзон кўп қаватли уй-жойлар қурилиши, замонавий бозор ва савдо мажмуалари, бир қатор хизмат кўрсатиш соҳаси билан боғлиқ лойиҳаларни амалга ошириш белгилаб олинди, – дейди Зарафшон шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Умиджон Худойқулов. – Ҳозирги кунда ҳужжатлар расмийлаштирилиб, давлат рўйхатидан ўтказиш ишлари олиб борилмоқда. 

Ўтган вақт мобайнида Учқудуқ, Томди, Конимех, Қизилтепа, Навбаҳор, Хатирчи туманларидан масъуллар Чимбойда бўлиб, ўндан ортиқ турли лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувга эришган. Хусусан, Учқудуқ ва Томди туманлари масъуллари ҳудуднинг Юсупов массивидан ажратилган 1 090 гектар майдонда 5 та лойиҳани амалга оширишни белгилаб олган. Ҳозирги кунда фермер хўжаликларининг ҳужжатлари расмийлаштирилиб, давлат рўйхатидан ўтказиш ишлари олиб борилмоқда. Шунингдек, Конимех тумани ҳокимлиги томонидан Чимбой туманининг “Таза жол” овули Бўзатов бўлимида майда шохли молларни кўпайтириш бўйича 300 бошдан 2 та отар ташкил қилинган. Қизилтепа тумани масъуллари томонидан эса 1 та чорвачилик комплексини ташкил этиш бўйича ишлар бошлаб юборилган.

Делегация вакиллари “Таза жол” овул фуқаролар йиғинида бўлиб, аҳоли яшаш шароити билан яқиндан танишди. Кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногиронлиги бўлган оилаларга совғалар берилди. “НКМК жамғармаси” ДМ Зарафшон ҳудудий бошқармаси тасарруфидаги “Олтин водий” маданият уйи хонандалари томонидан концерт дастури намойиш этилди. 

А.Бўриев, ЎзА