Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Навоий вилояти божхона бошқармаси давлат бюджетига 1,1 триллион сўмлик ҳисса қўшди
18:19 / 2021-01-12

Навоий вилоятининг ташқи савдо айланмаси 2020 йилда 1 миллиард 207 миллион 400 минг АҚШ доллар, экспортнинг ташқи савдо айланмасидаги улуши 391,7 миллион АҚШ долларини ташкил этган. Бу 2019 йилнинг мос даврига нисбатан экспорт ҳажми 18,9 фоизга ёки 62,3 миллион АҚШ долларига кўпайган. Импорт эса 815,7 миллион АҚШ долларни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 43,6 фоизга ёки 629,4 миллион АҚШ долларига камайишига эришилган.

Таҳлилларга кўра, маҳсулотлар 30 га яқин давлатларга экспорт қилинган бўлиб, асосий ҳамкор мамлакатлар Канада, Франция, Қирғизистон, Россия, Хитой, Туркманистон, Туркия давлатларидир. Навоий вилоятидан экспорт қилинган товарларнинг асосий қисми табиий қазилмалар, ип-калава, металлар ва улардан тайёрланган буюмлар, тўқимачилик маҳсулотлари, минерал ўғитлар ҳиссасига тўғри келмоқда. Вилоят ҳудудида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари томонидан экспорт қилинган мева-сабзавот маҳсулотларининг экспорт ҳажмидаги салмоқли улуши эса ҳудудда экспортга яратилаётган имкониятлар ҳамда сифатли қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ривожланаётганидан далолат.

Ҳисобот даврида товарлар 50 дан ортиқ давлатлардан импорт қилинган бўлиб, Хитой, Россия, Литва, Германия, Жанубий Корея, Қозоғистон асосий ҳамкор давлатлардир. Импортнинг асосий улуши ишлаб чиқаришни ривожлантириш мақсадида олиб келинган замонавий технологик асбоб ва ускуналар, транспорт ва унинг эҳтиёт қисмлари, кимё саноати маҳсулотлари каби товарлар ҳиссасига тўғри келмоқда.

Ўз ўрнида, олиб келинган технологик асбоб ва ускуналар ҳамда хом-ашё тадбиркорларнинг ишлаб чиқариш фаолиятига вақтида етиб келиши ва самарали фойдаланилиши натижасида янги ишчи ўринлар яратилиб, рақобатбардош ва экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда.

− Пандемия даври бўлишига қарамай юртимизда экспорт ва импорт операцияларининг тўхтовсиз давом эттирилиши ҳамда божхона органлари томонидан тадбиркорларга яратилаётган имтиёз ва қулайликлар натижаси ўлароқ вилоят божхона бошқармаси томонидан қарийб 1,1 триллион сўм божхона тўловлари ҳисобланиб, давлат бюджетига ўтказилди. Тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш ҳамда уларга иқтисодий кўмак бериш мақсадида ундирилган божхона тўловларидан 248 миллиард сўмга кўп, яъни 1 триллион 334 миллиард 800 миллион сўм миқдорида божхона тўловларидан имтиёзлар қўлланилган, − дейди вилоят божхона бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Бектемур Иномов.

Айни пайтда Навоий вилояти божхона бошқармаси таркибидаги барча божхона постлари божхона назорати ва расмийлаштирувини амалга ошириш мақсадида куну-тун фаолият олиб бормоқда. Шунингдек, Давлат божхона қўмитаси ва вилоят божхона бошқармасининг “Ишонч телефонлари”да тадбиркорларнинг мурожаатлари қабул қилиниб амалий ёрдам кўрсатилади.

Абдували БЎРИЕВ, ЎзА