Навоий вилояти ҳокими Нормат Турсунов АҚШнинг Ўзбекистондаги янги тайинланган элчиси Жонатан Хеникни қабул қилди.
Учрашувда вилоят раҳбари элчихона томонидан мамлакатимиз, хусусан, Навоий вилояти билан савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш йўлида амалга оширилаётган ишлар учун миннатдорлик билдирди.
Шунингдек, Н.Турсунов ўзаро алоқаларни янги босқичга олиб чиқиш имконияти, жумладан, вилоятда хорижий инвесторлар учун яратилган шароитлар ҳақида маълумот берди.
Хусусан, вилоят раҳбари импорт сифатида олиб келинаётган маҳсулотларни маҳаллийлаштириш бўйича ҳудуддаги йирик корхоналар билан кооперация алоқасини ўрнатиш, 20 турдаги норуда фойдали қазилмаларнинг 100 дан ортиқ ишлаб чиқаришга жалб этилмаган конларини ўзлаштириш, барча инфратузилма билан таъминланган “Навоий” эркин иқтисодий зонасидаги 260 гектар бўш ер майдонига америкалик инвесторларни жалб этиш таклифини илгари сурди.
Ўз навбатида Элчи вилоятнинг инвестиция имкониятини инобатга олиб, америкалик салоҳиятли инвесторларни Навоий вилоятига жалб қилишда ҳар томонлама амалий кўмак кўрсатишга тайёр эканини таъкидлади.
Учрашувда ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантиришга асос бўлувчи омиллар ва зарур шароитни назарда тутган ҳолда савдо-иқтисодий алоқани мустаҳкамлашга қаратилган вазифалар белгилаб олинди.
Навоий вилояти ҳокимлиги
ахборот хизмати