1. Навоий вилояти Кармана туманида мамлакатимиздаги илк қуёш фотоэлектр станцияси ишга туширилди.
Бирлашган Араб Амирлигининг «Масдар» компанияси томонидан «Nur Navoiy solar» номли лойиҳа доирасида мажмуа қурилиши 2020 йили бошланган эди. 110 миллион доллар инвестиция ўзлаштирилиб, умумий қуввати 100 мегаВатт бўлган 300 мингта қуёш панеллари ўрнатилди.
Бу ерда йилига 252 миллион килоВатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилади. Бунинг ҳисобидан 80 миллион куб метр табиий газ тежалиб, атмосферага 160 минг тонна буғланувчи газлар чиқишининг олди олинади.
Маълумотларга кўра, Навоий вилоятининг ўзида 2023 йилда “Масдар” компанияси билан ҳамкорликда 500 мегаВаттли шамол станцияси ва “Фанес групп” иштирокида 200 мегаВаттли қуёш станцияси барпо этилади.
2. Навоий шаҳрида Президент мактаби ўз фаолиятини бошлади.
Президент мактабига 2021-2022 ўқув йилида ўқиш истагини билдирган 5761 нафар талабгорлар ҳужжат топширган эди. Улар орасидан икки босқичли синовда 144 нафар ўқувчи саралаб олинди.
Мактабда ўқув жараёни хорижий таълим муассасалари билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган ўқув режалари ва дастурлари бўйича инглиз тилида амалга оширилади ва “STEAM – таълим” дастури асосида олиб борилади. Дарс жараёнларини олиб бориш учун 35 нафар маҳаллий ўқитувчилар билан бир қаторда хорижий давлатлардан юқори малакали ўқитувчилар таклиф этилган.
3. Мустақиллигимизнинг 30 йиллиги арафасида НКМК Марказий кон бошқармасига қарашли 7-гидрометаллургия заводи фойдаланишга топширилди.
Мазкур завод технологик жиҳатдан бошқа гидрометаллургия заводларидан ажралиб туради. Жумладан, корхона таркибида олтин кам бўлган маъдан энг мураккаб жараёнлар орқали, яъни, кислотали ишқорда қайта ишланиб, маҳсулот олинади. Кимёвий ишлов беришда маҳаллий маҳсулотлар ишлатилиши маҳсулот таннархини янада арзонлаштириш имконини беради. Асосийси, ҳозирги кунга қадар мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилиб, уларга тўлиқ ёш кадрлар, асосан, Навоий давлат кончилик институтини тугатган ёш мутахассислар ишга қабул қилинди.
4. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан эълон қилинган умумтаълим муассасаларининг рейтингида Навоий вилояти биринчи ўринни эгаллади.
Унга кўра, 14 та ҳудуддаги 207 та туман (шаҳар)ларда жойлашган 9 минг 622 та мактаблар фаолияти таҳлил қилинди. Таҳлил натижалари асосида 2020 йил якунлари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри, шунингдек туман (шаҳар) кесимида умумтаълим муассасаларининг рейтинги ҳамда туман ва шаҳарларнинг таълим сифати бўйича рейтинги тайёрланди. Рейтингда Навоий вилояти 1-ўринни банд этди. Умумий ўрта мактаблар рейтингида юқори ТОП-10 ликдан Навоий шаҳридаги 11-сонли, Учқудуқ туманидаги 20-сонли, Зарафшон шаҳридаги 1-сонли мактаб ўрин олди.
Битирувчиларнинг олий таълимга ўқишга кириши ва ўртача тўплаган баллари бўйича туман ва шаҳарлар миқёсида энг юқори ТОП-5 таликка Навоий шаҳри (31,3%, 79,5 балл), Учқудуқ тумани (25,8%, 65,7 балл), Зарафшон шаҳри (25,8%, 71,2 балл) киритилди.
5. Навоий шаҳрида “Ишга марҳамат” мономаркази иш бошлади. Марказ Президентимизнинг 2020 йил 11 августдаги “Камбағал ва ишсиз фуқароларни тадбиркорликка жалб қилиш, уларнинг меҳнат фаоллигини ошириш ва касб-ҳунарга ўқитишга қаратилган ҳамда аҳоли бандлигини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ташкил этилган.
Бу ерда меҳнат бозори талаблари асосида хизмат кўрсатиш, қурилиш, қишлоқ хўжалиги ва техника соҳаларидаги ўттизга яқин касбга тайёрлаш йўлга қўйилган.Муассаса давлат-хусусий шериклик тизимида ишлайди. Давлат шароит яратиб, илмий ва моддий жиҳатдан таъминлайди. Машғулотларни амалиётчилар, тадбиркорлар, заводлар вакиллари олиб боради ва кейинчалик битирувчиларни ишга олади. Мономарказ дипломи касб-ҳунар мактаблари дипломи билан бир хил даражага эга.
Шунингдек, марказда инглиз, рус, япон, корейс тилларини ўқитиш курслари ҳам очилган.
6. Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати билан “Навоий вилоятидан мустақиллигимизнинг 30 йиллигига 30 та китоб” лойиҳаси доирасида турли мавзуларда китоблар чоп этилди.
Навоий кон-металлургия комбинати ҳақида 10 га яқин китоблар, жумладан, “Янгиланаётган Ўзбекистон: Навоий кон-металлургия комбинатининг янги тарихи” китоби ва “НКМК: юксалиш давонлари” китоб-альбоми, Нурота, Хатирчи, Қизилтепа, Навбаҳор ва Конимех туманлари ҳамда Ғозғон шаҳрининг тарихи, шунингдек, янги Ўзбекистон даврида мазкур ҳудудларда амалга оширилган кенг ўзгаришлар, “Қизилқумцемент: кеча ва бугун”, “Навоий иссиқлик электр станцияси: кеча ва бугун”, “Навоийазот”: кеча ва бугун” номли, бундан ташқари тиббиёт, банк, ички ишлар ҳамда прокуратура соҳалари фаолиятига бағишланган алоҳида китоблар тайёрланди. Шу билан бирга Мавлоно Ориф Деггароний ҳаёти ва фаолияти, Маликработ карвонсаройи хусусида тарихий-илмий асарлар нашр этилди.
7. Навоий вилоятидаги мавжуд “Меҳрибонлик уйи” ва “Болалар шаҳарчаси” тугатилди
Навоий вилояти ҳокимининг тегишли қарорларига кўра Навоий шаҳридаги “Меҳрибонлик уйи” ҳамда Томди туманидаги “Болалар шаҳарчаси” фаолияти якунланди.
Унга кўра, Навоий шаҳридаги “Меҳрибонлик уйи” тарбияланувчилари Кармана туманида ташкил этилган оилавий болалар уйига, Томди туманидаги “Болалар шаҳарчаси” тарбияланувчилари эса туманда ташкил қилинган 5 та оилавий меҳрибонлик уйларига ўтказилган.
8. Имконияти чекланган болажонлар учун замонавий ва барча шароитларга эга МТТ фойдаланишга топширилди.
Зарафшон шаҳрида Навоий кон-металлургия комбинати томонидан имконияти чекланган болалар учун замонавий махсус мактабгача таълим ташкилоти қуриб фойдаланишга топширилди.
Имконияти чекланган болалар учун барпо этилган ушбу 72 ўринга мўлжалланган “Умид” номли замонавий мактабгача таълим ташкилоти қурилиш ва жиҳозлаш ишларига 29,3 млрд. сўм сарфланди. Замонавий ва барча шароитларга эга муассасага асосан Зарафшон шаҳри, Учқудуқ ва Томди туманларида яшовчи имконияти чекланган болалар қабул қилинади.
Абдували Бўриев, Сирож Аслонов (сурат), ЎзА