Миллий гвардия Маънавият ва маърифат марказида Юнусобод туманидаги таълим муассасалари ўқувчи-ёшлари, “Темурбеклар мактаби” ва Ҳарбий мусиқа академик лицейлари ўқувчилари иштирокида “Алишер Навоий ва Бобур мероси — беқиёс маънавий хазина” мавзусида маънавий-маърифий кеча ташкил этилди.
Тадбир давомида таклиф этилган олимлар ва адабиёт аҳли томонидан буюк мутафаккир Алишер Навоий, шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг бой адабий-маънавий мероси ҳақида атрофлича сўз юритилди. Хусусан, Алишер Навоийнинг ҳикматли сўзлари инсонпарварлик ва бағрикенглик ғояларининг юксак ифодаси экани таъкидланди.
Шунингдек, Заҳириддин Муҳаммад Бобур асарларида мужассам бўлган ватанпарварлик, садоқат ва жасорат ғоялари ҳақида тўхталиб ўтилди. Унинг: «Ватанни севмоқ — имондандур», мазмунидаги қарашлари бугунги ёш авлод учун ҳам ибрат мактаби экани қайд этилди. Дарҳақиқат, ижодкор асарларида илгари сурилган комил инсон ғоялари бугунги тараққиёт даврида ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган.
Тадбирнинг бадиий қисмида Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театри актёрлари томонидан саҳна кўринишлари намойиш этилди. Алишер Навоий ғазалларидан намуналар юксак маҳорат билан ижро қилинди. Шунингдек, ёшлар томонидан тайёрланган адабий-бадиий чиқишлар тадбирга янада кўтаринки руҳ бағишлади.
Мазкур тадбир ёшлар қалбида миллий қадриятларга ҳурмат, тарихий меросга садоқат, она Ватанга муҳаббат ва юксак маънавий онгни мустаҳкамлашга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/uJosgPxwSPs" title="Navoiy va Bobur merosi — beqiyos ma’naviy xazina" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Нигора Раҳмонова,
Улуғбек Тўхтаев (видео), ЎзА