Мамлакатимиз бўйлаб Алишер Навоий таваллуд санаси кенг нишонланмоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган Алишер Навоий номидаги халқаро жамоат фонди аллома бобокалонимиз меросини ўрганиш ва тарғиб этишда самарали фаолият кўрсатиб келмоқда.
Бу ҳақда навоийшунос олим, филология фанлари доктори, ушбу фонд раҳбари Олимжон Давлатов қуйидагиларни билдирди:
– Шу кунларда сўз мулкининг султони, ҳазрат Алишер Навоий таваллуд топган қутлуғ кунни, маънавиятимизнинг ҳақиқий байрамини катта шодиёна билан нишонламоқдамиз. Маълумки, Янги Ўзбекистонда Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишда аждодларимиз меросини ўрганиш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланди. Айниқса, муҳтарам Президентимизнинг ўтган йили айни шу кунларда Ҳазрат Навоий ижодини жаҳон миқёсида кенг тарғиб этиш ҳамда Навоий вилоятида “Алишер Навоий йили” деб эълон қилиш бўйича алоҳида қарор чиқаргани, шунингдек, фонд бошчилигида ўтказиладиган “Алишер Навоий ва Шарқ Ренессанси” анъанавий халқаро симпозиум қатнашчиларига йўллаган табриги бунинг ёрқин исботидир. Ушбу тарихий эътибор барчамиз, айниқса навоийшунослар зиммасига улкан масъулият юклайди.

Ўтган бир йил давомида Алишер Навоий номидаги халқаро жамоат фонди томонидан бир қатор ишлар амалга оширилди. Фондимиз томонидан хорижий давлатларда сақланаётган нодир манбаларни Ватанимизга қайтариш бўйича Эрон, Туркия ва Хитой каби давлатларга халқаро экспедициялар ташкил этилди.
Натижада Навоий қўлёзмаларининг Ўзбекистонга қайтиши жонланди. Хусусан, биргина Эрон Ислом Республикасидан 170 та нодир қўлёзманинг электрон нусхалари юртимизга келтирилди. Улар ичида иккита бебаҳо дурдона борки, бу илм аҳли учун катта воқеадир. Биринчиси – Ҳазрат Навоийнинг ҳаётлик даврида кўчирилган ва нисбатан энг мукаммал ҳисобланган “Мажолис ун-нафоис” тазкирасининг нусхаси. Иккинчиси эса Навоийнинг ўз назари остида тайёрланган, темурий шаҳзода Бадиуззамон Мирзога совға қилинган мўътабар девон нусхасидир.
Фондимиз ўзбек адабиётини дунёга танитиш йўлида ҳам тизимли ишларни амалга оширмоқда. Фонднинг молиявий кўмаги ва ташаббуси билан Абдулла Қодирийнинг “Меҳробдан чаён” романи араб тилига таржима қилинди ва қувонарлиси, ушбу таржима нуфузли халқаро Огаҳий мукофотига сазовор бўлди.
Навоий даҳосининг сарҳад билмаслигига яна бир исбот: покистонлик таниқли олим Ғуломали Қизилбош томонидан ҳазратнинг “Маҳбуб ул-қулуб” асари урду тилига таржима қилинди. Худо хоҳласа, ушбу китоб шу йилнинг ўзида нашрдан чиқади.
Қўшни Тожикистонда ҳам ҳамкорлигимиз самара бериб, “Фоний девони”нинг илмий-танқидий матни Ўзбекистон ва Тожикистон олимлари ҳамкорлигида нашрга тайёрланди. Хўжанд шаҳрида “Алишер Навоий ва тожик адабиёти” монографияси чоп этилди.
Шунингдек, Ғарб китобхонлари учун Алишер Навоий ғазалларининг инглиз тилига қилинган янги таржимасининг махсус иллюстратив нашри тайёрланди.
2025 йилда муҳим ва хайрли, улкан бир лойиҳа бошланганини алоҳида қайд этмоқчиман. Муҳтарам Президентимиз қарорида Алишер Навоий асарларининг 100 жилдлик оммабоп нашрини тайёрлаш вазифаси ҳам белгиланган эди. Ушбу йўналишда 27 нафар навоийшунос олимларимиз бир ёқадан бош чиқариб, Ҳазрат Навоийнинг барча асарлари матнини луғат ва изоҳлар билан таъминлаш баробарида оммабоп, содда баёнини ҳам яратишга киришдилар. Айни пайтда 70 жилд китоб нашриётга топширилиб, молиялаштирилган 31 жилди нашрдан чиқди. Насиб этса, келгуси февралга қадар Ҳазрат Навоий асарларининг 100 жилдлиги тўлиқ нашрдан чиқиб, китобсевар халқимиз қўлига етиб боради.
“Алишер Навоий ва Шарқ Ренессанси” V халқаро симпозиуми Тошкент давлат шарқшунослик университети биносида ўтказилди. Мазкур симпозиумда 24 давлатдан 52 нафар навоийшунос олим ўз маърузалари билан қатнашди. Қўқон университетида Фондимиз ҳамкорлигида “Навоий ва Низомий” мавзусидаги нуфузли халқаро конференциянинг очилиш маросими бўлиб ўтади.
Шунингдек, Фонд бошчилигида бир гуруҳ етакчи олим ва ижодкорларимиз Миср Араб Республикасига хизмат сафарига жўнаб кетмоқда. Сафардан асосий мақсад – Қоҳира кутубхоналаридаги ноёб девонлардан нусхалар келтириш ҳамда Навоий асарларининг янги арабча таржимасини Мисрда чоп этиш ва тарқатиш бўйича музокаралар олиб боришдир.
Бугунги ислоҳотларнинг туб моҳияти инсон қадрини улуғлаш, халқ манфаати йўлида хизмат қилишга қаратилган. Ҳазрат Навоий айтганларидек:
Нафъинг агар халққа бешакдурур,
Билки, бу нафъ ўзунгга кўпракдурур.
Илоҳим, барчамизга халқимизга наф келтириш, Навоий бобомиз орзу қилган комил инсонлар жамиятини қуриш насиб этсин.
ЎзА мухбири Н.Усмонова ёзиб олди.