Россияда Навоий ва Бобур таваллудининг муҳим саналари нишонланди
Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 581 йиллиги ҳамда Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 539 йиллиги муносабати билан мазкур саналарга бағишлаб 2022 йилнинг 14 февраль куни Россиянинг академик доира вакиллари, хусусан, таниқли адабиётчилар, маданиятшунос, навоийшунос, бобуршунос олимлар иштирокида ижодий учрашув ташкил этилди.
Мамлакатимизнинг Россиядаги Бош консулхона биносида ташкил этилган тадбирда Россияда 2021 йил 10-12 декабрь кунлари А.Навоийнинг 580 йиллиги юбилейига бағишланган илмий анжуман ўтказилганлиги эътироф этилди.
Ленинград вилояти ҳукуматининг маҳаллий ўзини-ўзи бошқариш, миллатлараро муносабатлар бўйича қўмитаси раиси маслаҳатчиси В.В.Михайленко Ленинград «Дўстлар уйи»да Ленинград вилояти ва Санкт-Петербург шаҳрида ягона бўлган интерактив ўзбек маданият музейи ташкил этилганлигини қайд этди. Шунингдек, олим А.Навоийнинг ҳаёти ва ижоди тўғрисида маҳаллий келажак авлодга кенгроқ таништириш мақсадида ушбу муассаса ҳудудида шоир шарафига ёдгорлик ўрнатиш юзасидан таклиф билдирди.
Бундан ташқари, Беларусь ёзувчилар уюшмаси аъзоси, ҳозирда Санкт-Петербург шаҳрида истиқомат ва ижод қилиб келаётган ватандошимиз И.Р.Кучиев томонидан тайёрланган «Алишер Навоий: қадим замоннинг буюк устози – ҳозирги замон буюк устозидир» ва «Заҳириддин Муҳаммад Бобур» номли мақолалар ижодий учрашувга келган меҳмонлар томонидан катта қизиқиш билан тингланди ва тадбир сўнгида И.Кучиев томонидан Алишер Навоий таваллудига бағишлаб яратилган «Абадийликка беш қадам» номли асари бадиий кеча иштирокчиларига тақдим этилди.
Талабалар томонидан ўзбек ва рус тилларида ўқиб эшиттирилган Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур қаламига мансуб ғазаллар тадбир иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди.