Навоий вилоят қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бош бошқармасида ОАВ вакиллари ва блогерлар иштирокида матбуот анжумани ўтказилди.
Бош бошқарма бошлиғи Акбар Ниёзов 2023 йил давомида вилоятда қурилиш соҳасида олиб борилган ишлар, бош режаларнинг ишлаб чиқилиши ҳамда кўп қаватли уйлар қурилиши, коммунал соҳада амалга оширилган ислоҳотлар ва 2024 йилда режалаштирилган устувор вазифалар ҳақида гапирди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 11 сентябрдаги “Шаҳарсозлик фаолияти соҳасида давлат бошқаруви тизимини янада такомиллаштириш ҳамда 2023-2027 йилларда аҳоли пунктларининг шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш дастурларини тасдиқлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган дастур доирасида вилоятда жами 11 та шаҳарча ва қишлоқ аҳоли пунктлари бош режаси ва батафсил режалаштириш лойиҳалари ҳамда унга ёндош маҳаллаларнинг ривожланиш схемалари ишлаб чиқилди.
Матбуот анжуманида 2024 йилда кўп квартирали уйларда жорий ва мукаммал таъмирлаш ишлари, ичимлик суви, иссиқлиқ таъминотида амалга оширилиши режалаштирилган ишлар ҳақида ҳам маълумот берилди.
[gallery-16471]
Мутасаддилар ОАВ вакилларининг “Янги Навоий” шаҳрининг бош режаси, қурилиш бўйича амалга ошириладиган лойиҳалар, фойдаланишга топширилаётган кўп қаватли уйларнинг зилзилага бардошлилигини синаш, автомобиллар турар жойлари ва болалар ўйингоҳлари билан боғлиқ муаммоларнинг ечими ҳақида берилган саволларига жавоблар қайтарди.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат),
ЎзА мухбирлари