ФОТОРЕПОРТАЖ
Бугун буюк мутафаккир, сўз мулкининг султони Алишер Навоий таваллудининг 585 йиллиги юртимизда кенг нишонланмоқда. Унинг бой илмий-адабий мероси, инсонпарварлик ғоялари ва она тилимизни юксак поғонага кўтарган ижоди асрлар оша халқимиз маънавиятининг ажралмас қисми бўлиб келмоқда. Шу боис Навоий номини абадийлаштириш улуғ зотга бўлган чуқур ҳурмат ва эътирофнинг ёрқин ифодасидир.
Пойтахтимизда шоир номи абадийлаштирилган манзиллар орасида Алишер Навоий метро бекати алоҳида аҳамият касб этади. У нафақат замонавий транспорт инфратузилмасининг муҳим бўғини, балки миллий маданият ва маънавиятни ўзида мужассам этган маскан сифатида эътиборлидир.
[gallery-27564]
Алишер Навоий бекати Тошкент метрополитенининг Ўзбекистон йўналишида жойлашган бўлиб, шарқона меъморчилик анъаналари асосида барпо этилган. Мармар билан қопланган устунлар, гумбазсимон безаклар, миллий нақшлар ва нафис орнаментлар Навоий даври руҳини акс эттиради. Деворлардаги бадиий панноларда эса шоир ижодига хос ғоялар классик миниатюра услубида ифодаланган.
Бу ерда ҳар куни минглаб йўловчилар ҳаракати кузатилиб, кундалик ҳаёт манзаралари буюк шоир номи билан уйғунлашган ҳолда ўзига хос маънавий муҳит яратади.
Хулоса қилиб айтганда, ушбу маскан буюк аждодимиз хотирасининг мангулигини ўзида мужассам этган ҳолда халққа хизмат қилиб келмоқда.
Камола Юсупова, Фарҳод Абдурасулов (сурат), ЎзА