Ҳар йили 9 февраль — буюк шоир ва мутафаккир, атоқли давлат ва жамоат арбоби Алишер Навоий таваллуд кунини кенг нишонлаш халқимизнинг эзгу анъанасига айланган. Бу сана нафақат улуғ шоир хотирасини ёд этиш, балки унинг бебаҳо маънавий меросини чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб этишда ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Жорий йилда мутафаккир шоир Алишер Навоий таваллудининг 585 йиллиги нафақат юртимизда, балки хорижий давлатларда ҳам кенг нишонланмоқда. Шу муносабати билан Боёвут тумани Маданият саройида Алишер Навоий ҳаёти ва ижодига бағишланган маданий-маърифий кеча ташкил этилди.

Тадбирда иштирок этган туман ҳокими Ниёз Хазратқулов ҳамда давлат ва жамоат ташкилотлари масъуллари ўз чиқишларида жаҳон адабиёти ва тафаккури равнақига беқиёс ҳисса қўшган улуғ аллома Алишер Навоий ҳаёти ва ижодини ўрганиш, унинг маънавий меросини асраб-авайлаш ва кенг тарғиб этиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида тўхталиб ўтдилар. Айниқса, бундай тадбирлар ёш авлоднинг адабиётга бўлган қизиқишини ошириш, улар қалбида ватанпарварлик, миллий ғурур ва маънавий иммунитетни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этаётгани таъкидланди.
– Алишер Навоий қаламига мансуб инсонпарварлик, адолат, муҳаббат ва маърифат ғоялари тараннум этилган нодир девонлар, бетакрор ғазал ва достонлар башарият тамаддуни ва адабиёти равнақига беқиёс ҳисса қўшиб келмоқда. Ушбу асарлар неча асрлар ўтган бўлса-да, ўз қадр-қимматини асло йўқотмаган, – деди тадбирда сўзга чиққан туман ҳокими Ниёз Хазратқулов.

Тадбир давомида Алишер Навоий томонидан қолдирилган бой маънавий мерос асрлар оша халқимиз томонидан севиб мутолаа қилинаётгани алоҳида эътироф этилди.
Адабий-маърифий кечада сўз мулкининг султони Алишер Навоийнинг бой ижодий мероси, унинг миллий ва жаҳон адабиёти ривожига қўшган беқиёс ҳиссаси хусусида атрофлича сўз юритилди. Шунингдек, бадиий жамоалар ҳамда ёшлар томонидан тайёрланган саҳна кўринишлари, ўқилган ғазаллар ва ижро этилган қўшиқлар тадбирга янада кўтаринки руҳ, алоҳида файз бағишлади.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири