Буюк шоир, мутафаккир ва давлат арбоби Алишер Навоий ижодини инсон ҳаётига бағишланган улуғ мадҳияга қиёслаш мумкин.
Ҳазрат мероси бугун бутун дунёда катта қизиқиш уйғотмоқда. Асарларининг ўнлаб хорижий тилларга таржима қилинаётгани бунинг яққол далилидир.
Навоий ижодининг сўнмас қудрати — унинг теран фалсафаси, бой ва ранг-баранг поэтик образлари, инсон улуғворлиги ҳамда маънавий камолот ҳақидаги ғояларида намоён бўлади. Унинг бунёдкор фикрлари бугун ҳам миллий давлатчилигимиз ва маънавий ҳаётимизда муҳим ўрин тутади.
Шоир ёшлик куч-қудрати ва инсон қалбининг пок туйғуларини бутун ижоди давомида улуғлаган. Жумладан, “Маҳбуб ул-қулуб” асарида шундай ёзади:
"Нафъинг агар халққа бешакдурур, Билки, бу нафъ ўзунгга кўпракдурур".
Навоий шеърияти, аввало, чуқур тафаккур ва раҳм-шафқатга таянади. Унинг асарларида Ватанга муҳаббат, миллат тақдири учун қайғуриш, ҳақиқатга интилиш туйғулари мужассам. Навоий учун ижод — халққа хизмат қилиш воситаси эди. У шеъриятни ҳеч қачон манфаат ёки алдов қуролига айлантирмаган. Аксинча, инсонни ўз тақдири учун масъул бўлишга, адолат ва ҳақиқат йўлида курашишга даъват этган.
Унинг ижоди муҳаббат ғояси билан йўғрилган. Бу муҳаббат — инсонга, Ватанга, борлиқ ва Коинотга бўлган юксак муносабатдир. Шоир айрилиқ ва ҳижрон дарди орқали ҳам гўзалликни тараннум этади:
"Кеча келгумдур дебон ул сарви гулрў келмади, Кўзларимға кеча тонг отгунча уйқу келмади".
Буюк мутафаккир очкўзлик ва манфаатпарастлик иллатларидан огоҳ этар экан, халқ дардини ўз дарди деб билган:
"Юз жафо қилса манга бир қатла фарёд айламон, Элга қилса бир жафо, юз қатла фарёд айларам".
Навоий асарларини англаш — бу фақат бир шахс дунёқарашини эмас, балки жамият ва давлат тараққиёти моҳиятини тушуниш демакдир. У комил инсон тарбиясини маърифат, адолат ва муҳаббат билан боғлайди.
Бугун мамлакатимизда навоийшунослик янги босқичга кўтарилди. Шоирнинг илмий-адабий меросига бағишланган юзлаб мақолалар, монография ва китоблар чоп этилди. “Навоий энциклопедияси”, “Алишер Навоий: қомусий луғат” каби нашрлар кенг жамоатчиликка тақдим этилди.
Жорий йилда Алишер Навоий таваллудининг 585 йиллиги кенг нишонланмоқда. Унинг инсонпарварлик ғоялари, маънавий-ахлоқий ўгитлари ва юксак орзулари бугун ҳам ўз аҳамиятини йўқотган эмас. Навоий мероси ёшларни беғараз эътиқод ва уйғоқ виждон атрофида бирлаштиришга, уларни маънан юксалтиришга хизмат қилмоқда.
Зулфизар Тўйчиева,
ЧДПУ талабаси, Алишер Навоий номидаги давлат стипендияси соҳиби