Бу ҳақда Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ахборот хизмати маълум қилди. “НКМК” АЖ ҳамда “AI Alliance” вакиллари ўртасида бўлиб ўтган учрашувда комбинатга “Сунъий интеллект альянси”даги иштирокини тасдиқловчи сертификат топширилди.
Қайд этилганидек, мазкур альянсда иштирок этиш корхона учун сунъий интеллектни ишлаб чиқариш жараёнларига жорий этиш бўйича илғор тажрибалардан фойдаланиш, соҳадаги экспертлар билан ҳамкорликни кенгайтириш ва қўшма ташаббуслар ҳамда синов лойиҳаларда иштирок этиш имконини беради. Шунингдек, бу ҳамкорлик корхона мутахассисларини ўқув ва эксперт дастурларига жалб қилиш, сунъий интеллектни жорий этиш учун масъул жамоаларни тайёрлаш сифатини оширишга хизмат қилади.
Бундан ташқари, альянс доирасида интеллектуал ечимларни жорий этишда маълумотлар сифати, хавфсизлик ва хавфларни бошқариш бўйича ягона ёндашувларни қўллаш, шунингдек, технологик ҳамкорликни кенгайтириш ва янги ишлаб чиқувчилар ҳамда ташкилотлар билан алоқаларни йўлга қўйиш имкониятлари яратилади.
Мутахассисларнинг фикрига кўра, мазкур ҳамкорлик “НКМК” АЖда рақамли технологиялар ва сунъий интеллект ечимларини жорий этиш жараёнларини янада жадаллаштиради.
Н.Зиёдуллаева тайёрлади, ЎзА