French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Навоий кон-металлургия комбинати: фаол, ташаббускор ва илмли ёшларига ишонади
10:56 / 2021-06-26

2021 йил – “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да комбинат ёшлари билан биргаликда кўплаб ишларни амалга оширишни белгилаганмиз.

 Шу жиҳатдан ўтиб бораётган ҳар бир кун биз ёшлар учун ҳақиқий унутилмас, қувончли воқеаларга бой бўлиб бораяпти.

Дарҳақиқат, муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида мамлакатимиз ёшлари ҳаётида асрларга татигулик ўзгаришларга тамал тоши қўйиш ишлари шиддатли тусда давом этмоқда. Бундай юксак эътибор ўсиб келаётган ёш авлодга кенг имкониятлар яратиб бермоқда. Бу, учинчи Ренессанс даврида янги Ўзбекистоннинг дунёга янгича қиёфада бўй кўрсатаётганидан далолатдир. Бу каби эътибордан чексиз баҳраманд бўлаётган ёшларимиз юз-кўзларида бугун ғайрат-шижоат, ташаббускорлик, интилиш, билимга чанқоқлик ва жонажон Ватанига дахлдорлик ҳисси намоён. Улар ҳаракатидан келажак ишончли қўлларда, деган фикрга келасан киши.

Бугунги кунда комбинатда 16 минг нафарга яқин ёшлар меҳнат қилмоқда. Комбинатда ишчилар ва муҳандис-техникларнинг ўртача ёши ўттиз еттида, раҳбар ходим ҳамда мутахассисларнинг йигирма беш фоизини ўттиз ёшгача бўлган йигит-қизлар ташкил этади. Бу, ҳеч шубҳасиз, корхонада ёшларимиз энг катта куч эканлигини, эртанги кун учун янги издошлар етишиб келаётганини тасдиқлайди. Эришилаётган  ютуқларда уларнинг ҳам муносиб ҳиссаси бор. Энг қувонарлиси, ёшларимизнинг 2,8 минг нафари олий маълумотга эга бўлиб, уларнинг 378 нафари турли раҳбарлик лавозимларида, 1368 нафари эса кон-металлургия саноатида танлаган мутахассисликлари бўйича ишлаб келмоқда.

Алоҳида қайд этиш керакки, комбинат раҳбарияти ёшлар масаласига эътибор қаратиш билан бирга, уларни моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга ҳам рағбат кўрсатиб келаяпти. “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”га доир қабул қилинган дастурда 172,8 млрд сўмлик ишларни амалга ошириш назарда тутилган. Жумладан, бешта муҳим ташаббусни амалга ошириш ишларига 300 млн сўм, “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” лойиҳаси бўйича 4 мингдан ортиқ ишчи-ходимлар учун тарихий жойларга саёҳатлар ташкил этишга                1 млрд сўм, иқтидорли ёшларни кашф этиш, уларнинг инновацион ишланмалари ва интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқариш  йўналишида 200 млн сўм, вилоятимизда ишсиз ва уюшмаган ёшларни комбинатнинг ўқув марказларида 11 та касб-ҳунарга ўқитишга 1 млрд сўм маблағ сарфланиши кўзда тутилган.

Комбинат раҳбарияти томонидан ёшларни қўллаб-қувватлаш, улар истеъдодини рўёбга чиқариш, ёш мутахассисларни тарбиялаш борасида ўзига хос мактаб яратилган. Жумладан, ҳар йили ёшларимиз ўртасида “Йилнинг энг ёш мутахассиси”, “Йилнинг энг ёш касб эгаси”, “Йилнинг энг яхши рационализаторлик таклифи”, “Йилнинг энг яхши ёшлар етакчиси” каби танловлар ўтказилиб келинмоқда. “Устоз-шогирд” анъанаси бўйича янги қабул қилинган ёшларни тажрибали мутахассисларга бириктириш, ёш ходимларни республика ва комбинат тизимида мавжуд ўқув марказларида малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш мунтазам равишда олиб борилмоқда.

Июнь ойи – биз ёшлар учун ҳаётимиздаги энг қувончли, орзиқиб кутадиган ойдир. Мана тўрт йилдирки, бу ойни – Ёшлар ойлиги сифатида кенг нишонлаб келаяпмиз. Бу йил ҳам ушбу ойни ўзига хос ранг-баранг дастурлар доирасида ўзгача тараддуд билан кутиб олдик.

“Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!” шиори остида комбинат бўлинмаларида “Раҳбар ва ёшлар учрашуви” ўтказилиб келинмоқда. Йил бошидан буён ўтказилиб келинаётган “Энг яхши китобхон” онлайн танлови, “Заковат” ва “Что? Где? Когда” интеллектуал ўйинлари ғолиблари аниқланиб, тақдирланишди. “Тасвирий ва амалий санъат” кўрик-танлови бўйича ижодий ишлар қабул қилинмоқда, спортнинг футбол ва волейбол турлари бўйича “НКМК кубоги” спорт мусобақалари давом этмоқда. “Эзгулик албатта қайтади” қон топшириш акцияси ва бошқа муҳим лойиҳалар амалга оширилмоқда.

16-18-июнь кунлари Навоий шаҳрида бўлиб ўтган ёшлар фестивалида комбинат ёшлари ҳам фаол иштирок этишди. Комбинатнинг 250 нафар волонтёрлари “Фарҳод” маданият саройи, “Сўғдиёна” спорт саройи масъул ходимлари билан ҳамкорликда уч кунлик фестивалда ўзларининг беминнат ҳиссаларини қўшишди. Фестивал дастуридан ўрин олган “Замонамиз қаҳрамонлари” лойиҳаси доирасида НКМК музейида Ўзбекистон Қаҳрамонлари Қувондиқ Санақулов ва Фарҳод Сойибовлар ва ёшлар ўртасида давра суҳбати ташкил этилди, “Қувноқлар ва зукколар” ва “Ёш театр студиялари”  кўрик-танловларида комбинат ва Навоий давлат кончилик институти ёшлар жамоалари фаол иштирок этишиб, фестивал кўркига кўрк қўшишди. “Фарҳод” маданият саройи ва Болалар ижодиёт маркази томонидан ташкил этилган “DJ Fest” дижейлар чиқишлари, “Urban fest” замонавий рақслар танлови ҳамда “Роботлар жанги” мусобақалари фестивалга республикамизнинг шаҳар ва туманларидан ташриф буюрган ёшлар учун унутилмас онларни бахшида этди, десам муболаға бўлмайди.

Бугун бизнинг сафимизда фаол ёшларимиз кўпчиликни ташкил этади. Улар ўз ғоялари, яратувчанлик намуналари, истеъдоди ва ижоди билан жамоамизда ҳурмат қозониб келаяпти. Баҳодир Абдуллаев, Сардор Раҳмонов, Саодат Бобоёрова, Фаррух Абдимуминов, Рустам Заитовлар шундай оловқалб ёшларимиз ҳисобланади ва ташаббускорлик бобида тенгдошларига ўрнак бўлиб келаётганини фахр билан таъкидлаш жоиз.

Мухтасар айтганда, ёшларимиз қалбида эртанги кунга ишонч ҳиссини мустаҳкамлаш бош вазифамиздир. Бунинг учун уларга кенг имкониятларни яратиш, ёшларни қўллаб-қувватлаш, руҳлантириш, муаммоларини ўз вақтида ҳал этиш асосий мақсадимиз бўлиб келган, бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади. Бунинг учун биринчи навбатда ёшларимизнинг хоҳиш-истагини тўла англашимиз муҳим ва бу, албатта, эътиборимизда бўлади.

Фурсатдан фойдаланиб, мамлакатимиз ёшларини, тенгдошларимизни яқинлашиб келаётган 30 июнь – Ёшлар куни билан қизғин табриклайман. Мустаҳкам соғлик-саломатлик, келгусидаги ишларига зафарлар тилайман.

Санжар РАЖАБОВ,

НКМК ёшлар етакчилари кенгаши раиси