Бу йил буюк мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 585 йиллиги кенг нишонланади. Шу кунларда жойларда навоийхонлик кечалари, маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этилмоқда.
“Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий кенгашида Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳузуридаги Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти ҳамкорлигида ўтказилган “Навоий ижодида миллий қадриятлар ва унинг ёшлар тарбиясидаги ўрни” мавзусидаги очиқ мулоқот ҳам Навоий таваллудининг 585 йиллигига бағишланди.

Адабиётшунос олим Олимжон Давлатов ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, ёшлар ва партия вакиллари иштирок этган очиқ мулоқотда Навоий адабий меросининг бойлиги ва бугунги кундаги аҳамияти ҳақида сўз борди.
Таъкидланганидек, Алишер Навоий жаҳон адабиёти хазинасини ўзининг буюк “Хамса”си, илм-фаннинг турли соҳаларига бағишланган илмий мероси билан бойитган мутафаккир. Ижодий меросида 26 мингдан ортиқ луғат бойлигидан фойдаланган Навоий қарийб олти асрдан буён асарларидаги чуқур фалсафий мушоҳадалар, маъно-моҳиятнинг кенг кўламлилиги ва назмий меросидаги фасоҳат денгизининг бепоёнлиги билан жаҳон аҳлини ҳайратга солиб келмоқда.

Мулоқотда Навоий асарларида қаламга олинган миллий ва умуминсоний ғояларнинг жаҳон тамаддунида тутган ўрни беқиёс эканлиги, бу ғоялар, айниқса, ёш авлоднинг интеллектуал салоҳиятини ошириш, уларда юксак ахлоқий фазилатларни шакллантириш, миллий ўзликни англашда юксак аҳамиятга эга эканлиги алоҳида таъкидланди.
Очиқ мулоқотда адабиётшунос олим ва мутахассислар Навоий ижодидаги миллий қадриятлар, ахлоқий-ижтимоий меъёрлар ҳамда уларнинг бугунги ёшлар тарбиясидаги ўрни, давлат сиёсатида адабиёт ва маданият соҳасини қўллаб-қувватлашдаги аҳамияти тўғрисида фикр билдирди.
Шунингдек, тадбирда олий таълим муассасалари талабалари ўртасида “Ғазалхонлар баҳси” ҳам ташкил этилди.
М.Комилова, ЎзА