Туркиянинг Нажмиддин Эрбакан университетида Алишер Навоий таваллудининг 585 йиллигига бағишланган “Алишер Навоийнинг турк адабиётидаги ўрни ва аҳамияти” мавзусида халқаро илмий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Тошкент кимё халқаро университети ташаббууси билан ташкил этилган мазкур тадбирда университет профессори Гулноза Одилова Шарқ Ренессансида Навоийнинг тутган ўрни, унинг туркий тил ривожига қўшган ҳиссаси ҳақида маъруза қилди.

Таъкидланганидек, XV асрда Темурийлар салтанатида туркий тил турли қаршиликларга дуч келгани, бу ҳолат унинг ижтимоий ва эстетик жиҳатдан камситилишига олиб келган. Ана шундай мураккаб ижтимоий-маънавий шароитда Алишер Навоий миллий ўзлик, тил ва маданият масалаларига ўзининг “Муҳокамат ул-луғатайн” асарида алоҳида эътибор қаратганига алоҳида урғу берилди.

Дарҳақиқат, ушбу асар фақат икки тил қиёсига бағишланган рисола эмас, балки туркий халқларнинг миллий онги, маънавий ўзлиги ва маданий мустақиллигини англашга қаратилган улкан илмий-маърифий мерос ҳисобланади.

Шунингдек, тадбир доирасида Тошкент кимё халқаро университети томонидан чоп этилган “Шарқ дурдоналари” номли китоб тақдимоти ҳам бўлиб ўтди. Ушбу китобда Навоий девонларидан саралаб олинган 100 дона ҳикматнинг турк, инглиз, хитой тилларига таржималари жамланган.
Тадбирда Нажмиддин Эрбакан университети талабалари томонидан Навоий ижодидан намуналар ўқилди. Йиғилган профессорлар ва талабалар туркий халқлар бирдамлиги кун тартибига чиққан ҳозирги пайтда Навоий ижоди Туркияда ўрганилиши ниҳоятда муҳим эканлигини таъкидладилар.
Шаҳло ҲАЛИМОВА,
Тошкент кимё халқаро университети ўқитувчиси.