Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Навоий ижоди болалар нигоҳида
16:06 / 2021-02-09

Буюк шоир ва мутафаккир, атоқли давлат ва жамоат арбоби Алишер Навоийнинг бебаҳо ижодий-илмий мероси нафақат халқимиз, балки жаҳон адабиёти тарихида алоҳида ўринга эга.

Бугун юртимизнинг ҳар бир гўшасида шоир таваллудининг 580 йиллиги кенг нишонланмоқда. У шеърий ва насрий асарларида юксак умуминсоний ғояларни, она тилимизнинг беқиёс сўз бойлигини, жозибаси ва латофатини юксак даражада таърифлаб берган.

Бугунги кунда унинг бой ва серқирра ижодий меросини ҳар томонлама чуқур ўрганиш, ўлмас асарларини улғайиб келаётган келажак авлодларимиз онгига сингдириш, болаларимизни мумтоз адабиётга меҳр билан тарбиялашга оид қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Яккасарой тумани Мактабгача таълим бўлими тасарруфидаги 116-сонли мактабгача таълим ташкилотида ҳам адиб хотирасига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Қувонарлиси шундаки, 4 ёшдан 6 ёшгача бўлган болалар мутафаккир ижодини, ғазалларини ёд олиб, унинг ҳаёт йўли ва фаолиятига доир саҳна кўринишларини намойиш этишди. Жажжи болакайларнинг мумтоз адабиётга бўлган қизиқишлари таҳсинга лойиқдир.

Алишер Навоийнинг сермазмун ҳаёти, шахсий фазилатлари, иқтидор ва камолоти ёш авлоднинг интеллектуал салоҳиятини ошириш, юксак ахлоқий фазилатларини тарбиялашда беқиёс аҳамиятга эгадир.

 

М. Қудратуллаева, ЎзА