“Навоий ИЭС” АЖда 1035 кВтли қуёш фотоэлектр станцияси ишга тушди
“Навоий иссиқлик электр станцияси” АЖда ўз эҳтиёжлари учун сарфланадиган электр энергиясини муқобил энергия манбалари ҳисобидан қоплаш мақсадида қуввати 1035 кВтли қуёш фотоэлектр станцияси ўрнатилди.
Мазкур қуёш фотоэлектр станциясини қуриш учун корхона ҳудудидан 1,42 гектар бўш ер майдони танлаб олинди. “Навоий ИЭС” АЖ ахборот хизматининг маълум қилишича, ҳисоб-китобларга кўра, ушбу қуёш панелларини ўрнатиш орқали йилига ўртача 1,8 миллион кВт соат электр энергияси ишлаб чиқарилади. Бу бир йилда 1,8 миллион кВт соат электр энергияси иқтисод қилинади, деганидир.



Шу кунга қадар станцияда жами қуввати 23 кВтли қуёш панеллари мавжуд бўлиб, бир йил давомида 8,8 минг кВт/соат электр энергияси иқтисод қилинди.

Шунингдек, корхонага умумий сиғими 5600 литрни ташкил қилувчи қуёш панелли сув иситгичлар ўрнатилган бўлиб, йилига 21,6 минг метр/куб табиий газ ёки 138,9 Гкал иссиқлик энергияси иқтисодига эришилди.
А.Бўриев, ЎзА