Янги китоблар
Инновацион ривожланиш вазирлигида Вазирлик ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашининг навбатдан ташқари йиғилиши ва таниқли ёзувчи Исажон Султоннинг «Алишер Навоий» романининг тақдимоти ўтказилди.
Вазирликда маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари юзасидан амалга оширилган ишларнинг 6 ойлик якуни бўйича маълумот тақдим этилди.

Адабиётшунослар, ёзувчининг мухлислари ва ёш олимлар иштирокидаги тадбирда инновацион ривожлантириш вазири Иброҳим Абдураҳмонов, адабиётшунос олимлар Шуҳрат Ризаев ва Баҳодир Каримлар бугунги кунда илмга ва ижод қилишга яратилган имкониятлар ҳақида гапирди. Исажон Султоннинг янги романи ҳақида илиқ фикрлар билдирилди. Вазирлик тизимида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида»ги қарорининг ижроси юзасидан қилинган ишлар сарҳисоб қилинди. «Алишер Навоий» романи кенг эътироф этилди.
– Ҳазрат Навоийнинг ҳар бир мисраси катта илм, –дейди адабиётшунос олим Шуҳрат Ризаев.– Унинг ҳали тадқиқ қилинмаган жиҳатлари кўп. Ойбек домланинг Навоий романидан қарийб 80 йил ўтиб, Исажон Султон ушбу романни ёзди. Китобни секин, мағзини чақиб ўқидим. Ёзувчи кўп излангани, машаққат чеккани билинади.
Исажонда мен ҳурмат қиладиган, яхши кўрадиган бир нарса бор. У ҳам бўлса, равон ёзади. Шу жиҳати билан бошқа ўқувчиларни ҳам ўзига жалб этса ажаб эмас. Роман бир кунда ўқиб бўлинадиган, йўл-йўлакай ўқиладиган асар ҳам эмас. Уни диққат билан, ҳар бир сўз юкини, ёзувчининг нима демоқчи эканлигини ҳис қилган ҳолда ўқиш керак.

Асарда Алишер Навоийнинг яқин қариндошлари, тоғаларининг ўрни, унинг Ҳусайн Бойқаро билан муносабатлари жуда гўзал ифодаланган. Навоийнинг динга яхшигина ҳомийлик қилгани ҳақида гап боради. Умуман олганда, бадиий асар ўқувчига янги ва яхши маълумотлар улашади. Бундай асарларни кўпайтириш керак. Тарихий асарлар ёзишга ҳеч қандай чеклов йўқ. Ҳазрат Алишер Навоий шахсига мурожаат қилиш тақиқланмаган. Бу катта имконият. Бундан нафақат Исажон, бошқа ижодкорлар ҳам унумли фойдаланишини хоҳлайман.
Исажон Султоннинг «Алишер Навоий» романи уч минг нусхада, «Адабиёт» нашриётида чоп этилган.
Маърифий тадбирни вазирликнинг вилоятдаги ходимлари ҳам онлайн кузатиш имконияти бўлди. Тадбир иштирокчиларига адибнинг янги китобидан туҳфа қилинди.
Д. Маматова, ЎзА